Унда қўмита аъзолари, қўмита ҳузурида ташкил этилган экспертлар Кенгаши аъзолари, кўриб чиқилаётган масалалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг йигирманчи биринчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар, шу жумладан, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги, «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қўмита аъзолари «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги Қонунига алоҳида тўхталиб, уни қабул қилиш гидрометеорология фаолияти ҳамда гидрометеорологик кузатувлар ўтказиш ва маълумотларга ишлов беришнинг илмий услубларини янада такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларни, аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, гидрометеорология соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни жорий этиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилишини алоҳида қайд этишди.
Шу билан биргаликда, «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талаблари (чораларини) ҳамда карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш каби ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгилаш бўйича киритилаётган нормалар ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини такомиллаштирилишига хизмат қилади.
Қўмита йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати.