Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутаталари, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, шу жумладан, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Давлат дастури ижросини таъминлашда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини ошириш, энг асосийси пандемия шароитида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, халқимизнинг кам таъминланган қатламини ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат дастури доирасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3 трлн. сўм, ажратилиб, 4 минг 866 км ичимлик сув тармоқлари қурилиши ва реконструкция қилинган ва 1 млн. 200 минг нафар аҳолига ичимлик суви етказиб берилган. Натижада аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етган.

Шунингдек, дастурда Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2019 йил куз-қиш ва 2020 йил баҳор мавсумларида денгизнинг қуриган тубида 743 минг га майдонда “яшил қопламалар” ҳамда 3,0 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан яйловзор барпо этилган.

Бундан ташқари, Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш ҳамда инвестиция дастурлари доирасида сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича 103,1 млрд. сўмлик 222,3 км ичимлик суви тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилиб, 95,7 млрд. сўм молиялаштирилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган  Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига жами 2 минг 788 та лойиҳа киритилган.

2020  йил декабрь ҳолатига 1 минг 207 та (5 трлн. 878,8 млрд. сўм) лойиҳа молиялаштирилиб, 705 таси (4 трлн. 492 млрд. сўм) ишга туширилган ҳамда 4 минг 411 та янги иш ўринлари яратилган.

Шунингдек, мажлисда Дастурда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида ва сифатли бажарилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш лозимлигини қайд этилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати