Орол денгизининг жадал қуриши нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки аллақачон, глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси фожиаси салбий оқибатларини камайтириш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 22-23 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи давомида Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш, минтақа аҳолиси турмуш шароити ва сифатини яхшилаш бўйича, муҳими 3,5 млн гектар Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган ўсимликлар майдонларини кенгайтириш юзасидан 2022 йилда тезкор амалий ишларни бажариш учун тегишли топшириқлар берилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Орол денгизининг қуриган тубидаги ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувни тежаш ҳамда тупроқ шўрланиши муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга мавжуд илмий-инновацион салоҳиятни жалб этиш мақсадида амалий ва инновацион лойиҳалар миллий танловини эълон қилади.
Танловнинг асосий мақсади – Орол муаммосининг салбий таъсирини камайтириш асосида минтақа аҳолиси турмуш шароити ва сифатини яхшилаш, Орол денгизининг қуриган туби тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган уруғ заҳираси мавжуд бўлган тайёр ўсимликлар ёки экин турлари мавжуд бўлган навлар экилган майдонларини кенгайтириш, ҳудудда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тупроқ таркибидаги тузни камайтириш ва Орол тубида чорвачиликни ривожлантириш муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган самарадор янги технологиялар, инновацион усул ва воситаларга асосланган энг яхши амалий ечимларни танлаб олишдан иборат.
Танловга тақдим этиладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талаблари доирасида бажариладиган амалий ва инновацион лойиҳалар қуйидаги амалий йўналишларда ишлаб чиқилиши лозим:
1-йўналиш: Орол денгизининг қуриган тубининг экологик, тупроқ-иқлим шароитларига мослашган ҳайвон зотлари, уруғ заҳираси мавжуд бўлган тайёр ўсимликлар ёки экин турлари мавжуд бўлган навларни ҳудуд тупроғининг шўрланганлик даражаси ва мақбул биологик муҳит талабларига мос тарзда илмий асосда жорий этиш ва манфатдорликни асослаб бериш. Бунда қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фанлари ҳамда биология фанлари йўналиши бўйича бажарилиши бир йилга мўлжалланган 20 та инновацион лойиҳанинг ҳар бирига 1 млрд сўмгача грант маблағи ажратилади.
2-йўналиш: биотехнологик усуллар ва геном технологиялар асосида худуднинг экологик, тупроқ-иқлим шароитларига мослаштирилган ўсимликларнинг янги маҳаллий ҳамда хорижий турлари ва навларини Орол денгизининг қуриган туби ерларига экиш ва кенгайтириш орқали чорвачилик ва озиқ-овқат хавфсизигини таъминлашни амалиётда кўрсатиб бериш. Бунда қуйидаги йўналишларда бажарилиши 1 йилгача мўлжалланган 5 та амалий лойиҳанинг ҳар бирига 1 млрд сўмгача грант маблағи ажратилади:
3-йўналиш: Оролбўйи ҳудудида қишлоқ хўжалиги экинларини қайта жойлаштириш ва экишни ташкил этишнинг замонавий усул ва агротехнологияларини жорий этиш. Бунда қуйидаги йўналишларда бажарилиши 1 йилгача мўлжалланган 10 та инновацион лойиҳанинг ҳар бирига давлат бюджетидан 1 млрд сўмгача грант маблағи ажратилади:
4-йўналиш: Орол денгизининг қуриган тубининг ўсимликлар қопламини чуқур тадқиқ этиш асосида камёб ва эндем ўсимлик турларини ҳамда шаклланган ноёб ўсимлик жамоаларини сақлаб қолишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш. Бунда биология фанлари йўналиши бўйича бажарилиши 2 йилгача мўлжалланган 10 та амалий лойиҳанинг ҳар бирига давлат бюджетидан 1 млрд сўмгача грант маблағи ажратилади:
Танловда ғолиб деб топилган лойиҳалар бевосита Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилиши, чуқур экспериментал лаборатория тадқиқотлари эса мавжуд замонавий лабораторияларда ўтказилиши, натижалар ҳудуднинг ўзида синаб кўрилиши лозим.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси – grant.mininnovation.uz орқали 2022 йилнинг 15 апрелига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.