Сувнинг қаттиқ ҳолати муздир. қадимги даврлардан бошлаб муздан табобат, қандолатчилик, тез бузилувчан маҳсулотларни сақлаш каби мақсадларда фойдаланилган. Яна Абу Бакр ар-Розий, Абу Али ибн Сино каби машҳур олимлар ўрта асрлардаёқ турли касалликларни даволаш учун музни зарур тиббий восита сифатида ишлатгани манбалардан маълум.
Қадимги Марказий Осиёдек иссиқ ва қуруқ иқлимли ўлка бўйлаб, хусусан, йилнинг иссиқ фаслларида махсус иншоот ва мосламаларсиз музни узоқ вақт сақлаш имконияти йўқ эди. Бундай иншоотлар музхона деб аталган бўлса-да, замонамизда ушбу ноёб қадрият илмий жиҳатдан тадқиқ этилмаган. Аммо баъзи қадимги адабиётлар музхона, ҳатто муз учун ишлатиладиган айрим ускуналар ҳам мавжуд бўлгани хусусида шоҳидлик беради.
Жумладан, Маҳмуд Кошғарий “Девони луғотит турк” асарида бундай иншоот “бузлуқ”, яъни музхона, муз сақланадиган жой деб аталган. Даврининг йирик маданият ва савдо марказлари ҳисобланган Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар ўрта асрлардаёқ ўзига хос қандолатчилик санъати билан ном қозонган. Бу ерларда турли ширинликлар қатори таркиби ва тайёрланиш технологияси, масаллиғи билан ажралиб турувчи тотли егулик — “роҳатижон” тайёрланган.
Роҳатижон бизнинг давримиздаги музқаймоқдир. Манбаларга кўра, Бухоро шаҳрида ҳатто махсус роҳатижон сотувчилар растаси бўлган. Қадимги туркий халқлар дастурхонида яна бир хил таом бўлган. Турфа кўкатлар қўшилиб, қор, муз ёки сувга қўйиб совитилган ҳолда истеъмол қилинган. Афсуски, “Девони луғотит турк”да ушбу таомнинг номи аниқ кўрсатилмаган. Балки ундан кейинги сўз (қача — қоп, халта) тузилишига кўра гўжадир.
Гўжа ҳануз Самарқанд, Жиззах вилоятида “кўча” тарзида ифода этилади. Нима бўлганда ҳам ушбу қадимий таом тайёрланишида муз-қор иштирок этгани биз учун қизиқарли ҳолат. Гўшт, сут сингари сифати тез бузиладиган маҳсулотларни жазирамадан сақлаш учун ҳам музхона деб аталувчи шундай махсус иншоотлар ташкил этилган. Улар электр билан ишлайдиган ҳозирги совуқхоналарга жуда ўхшаб кетади.
Ҳар учала ҳолатда ҳам муз йилнинг турли фаслларида, хусусан, Марказий Осиёдек иссиқ ва қуруқ иқлимли ҳудудлар учун хос бўлган ёз ойларида ўта зарурий ашёга айланган. Шу боис, сувнинг нафақат суюқ, балки кристалл кўринишига талаб катта эди. Бироқ сувни совитиб, сунъий равишда музга айлантирувчи техника — музлаткичлар ихтиро этилмаган ўрта асрларга хос шароитда музни ҳароратли ойларда сақлаш катта муаммо бўлган.
Чунки у 0°С ҳаво ҳароратида эрий бошлайди. Муаммони ҳал этиш учун махсус музхоналар қурилган. Уларни баъзан музхона, яххона ёки яхдон деб ҳам аташган. Кекса журналист Абдураҳмон Асадовнинг айтишича, ХХ аср бошларида Нурота шаҳри яқинидаги Ғозғон қишлоғида яшаган машҳур қандолатчи Умр Маҳмараҳимовнинг шундай музхонаси бўлган.
Бунинг учун у баққоллик дўкони тагидаги ерни ўйиб, ертўласимон чуқур қазиган. Унинг сатҳи бўйлаб тўртбурчак кўринишида ўрачалар ковланиб, таги ва ён деворлари сувалган. Ўранинг ичига одам бўйи катталигидаги бир неча ўнлаб сопол хум жойлаштирилган. Ўз навбатида, улар бўғзига қадар туз билан қуршаб, кўмилган. Хумларнинг ичига эса муз бўлаклари солинган. Ушбу чора хум ичидаги музнинг эриб кетмасдан узоқ вақт сақланишини таъминлаган.
Керак пайтда эҳтиёжга ярашаси олиниб, ишлатилган. Мисол учун, роҳатижон тайёрлашда муз юпқа қирилиб, зарралари тут шиннисига аралаштирилган ҳолда дастурхонга тортилган. Бундай лаззатли егулик, айниқса, ёзнинг ҳароратли кунлари хўрандага роҳат бағишлаган. Умр Маҳмараҳимовнинг роҳатижони шунчалар машҳур бўлганки, ундан татиб кўриш учун Амир Олимхоннинг ўзи Ғозғонга келганини ҳамон қишлоқ аҳли, кексалар айтиб юради.
Амир келмаслиги ҳам мумкин эди, бироқ роҳатижон тез эриб кетгани учун қандолатчи уни тортиқ қилиб Бухорога олиб бора олмаган. Шу боис, Амир Олимхоннинг шахсан ўзи Ғозғонга ташриф буюрган ва Умр баққолнинг меҳмони бўлган (маълумотларга кўра, Бухоро аркининг ҳам яхдони бўлган. Арк музхонасининг охирги ходими сифатида шаҳарнинг Лаби ҳовуз маҳалласида истиқомат қилган юз ёшли Полвон бобони хотирлашади).
Музбардорлар қиш фаслида музни захира қилиб олиб қўйган. Улар ёз фаслида яқин атрофдаги баланд тоғлардан муз ташиб келтирувчи ва алоҳида малакага эга кишилар гуруҳи бўлиб, захира музни махсус иншоотда сақлаган. Уларнинг тоза ва қалин муз бўлакларини саралаш ҳамда сақлашда қўллайдиган ускуналари ҳам бўлган. Мисол учун, Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишича, керакли муз бўлагини қиш фаслида совуқ сувдан ёки одам бўйи келадиган хумдан тортиб олишда асқотадиган асбоб “ирғоқ” деб аталган. Қиш фаслида захира қилинган муз тугаганда эса уни муз савдоси билан шуғулланувчи тижоратчилар тоғнинг баланд қисмидан олиб тушган.
Муз бўлаклари туянинг махсус ошланган терисига ўралиб, жазирама офтоб нуридан муҳофаза қилинган ҳолда, фақат салқин кечалари йўл босиб, манзилга етказилган. Шу тариқа Яхдон, Яххона, Музхона, Музработ каби халқ географик терминлари асосида кўплаб топонимлар шаклланган. Бизнинг давримизда улар қадимги гидротехник иншоот сифатида сақланиб қолмаган бўлса-да, жонли мулоқот, баъзан топонимлар ўзагида ҳамон учрайди.
Масалан, Музхона деб аталувчи тепалик Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани ҳудудида бўлиб, у қадимги Кат қалъасининг ғарб томонида жойлашган. Тепалик Шайх Аббос вали мақбарасига туташ бўлиб, у Хоразмнинг қадимги пойтахти Кат қалъаси ёки Қалъаи Фир тарихида алоҳида ўрин тутади. Чунки тепаликнинг Музхона деб аталувчи ертўласи бўлган.
Катликлар қадимданоқ унинг сатҳига шоли похоли тўшаб, Амударё суви музлаган паллада ундан қалин муз парчаларини узун тўртбурчак шаклда кесиб келтирган ва ичкарига тахлаб қўйган. Ертўла сатҳида муз палахсалари сақланса, девори бўйлаб ўйиб ясалган кўплаб токчаларда шаҳар аҳлининг гўшт, сут каби сифати тез ўзгарадиган маҳсулотлари сақланган. Ҳар бир оиланинг ўз токчаси бўлган.
Ҳеч ким бировнинг токчасидаги маҳсулотларга кўз олайтирмаган. Шу тариқа ушбу музхона ҳалоллик, поклик рамзи сифатида ҳам эларо машҳур эди. Айниқса, Хоразмнинг тилёрар қовуни, узуми қадимданоқ машҳур бўлгани боис, бу ноз-неъматлар атоқли меҳмонлар учун ҳатто баҳоргача айнан шу музхонада авайлаб сақланган. Хусусан, маҳаллий зодагон оилалар дастурхони учун Кат музхонаси катта аҳамият касб этган.
Бозор яқин бўлгани учун баъзан савдогарлар тез бузилувчи маҳсулотларни вақтинча ушбу музхонада сақлаган. 1969 йили Aмударё суви тошиб, ён-атрофни босди. Кат-Беруний музхонасига ҳам сув кириб, ишдан чиқарди. Aммо топоним сифатида ҳозирга қадар сақланиб қолди. Юртимиз бўйлаб баъзи топонимлар этимологиясида ҳам шундай сўз учрайди.
Масалан, Сурхондарё вилоятида Музработ номли туман бор. Яхдон — музхоналар табиий кўринишда ҳам учрайди. Уларнинг географик жойлашуви тоғларнинг денгиз сатҳидан 2500-3000 метр юқори қисмига тўғри келади. Тоғларнинг қишин-ёзин музи эримай турадиган жойи ҳам яхдон деб аталади. Бундай жой номлари бизнинг давримизда яхдон топоними тарзида кам бўлса-да, Ургутсойнинг ва Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Ахсарсойнинг юқори қисмида сақланиб қолган.
Aсрор Низомов,
геология-минералогия фанлари номзоди