Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова маълум қилди. Брифингда қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан узоқ муддатга ижарага берилган маданий мерос объектлари 23 тани ташкил қилади. Ўрганишлар натижасида 60%га яқин ҳолатда маданий мерос объектларини сақлаш, фойдаланишга бериш ва улардан фойдаланиш бўйича талаблар қўпол равишда бузилганлиги аниқланди ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Эътиборингизга объектлардан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари қўпол равишда бузилган ҳолатлардан мисоллар келтирамиз.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туман “Пастки Новкент” МФЙ худудида жойлашган “Ўрда тепа” археология ёдгорлигига катта зарар етказилган. Ушбу маданий мерос объектининг 3 сотих қизил чизиқ остидаги ери фуқаро томонидан техника ёрдамида ковланиб ўзбошимчалик билан қўшиб олинган. Ўрганишлар давомида археология ёдгорлиги объектининг 100 метрлик муҳофаза зонасига уй-жой қуриб олинганлиги ҳам аниқланди.
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигига фойдаланиш учун берилган Қарши шаҳридаги “Кўкгумбаз” жомъе масжидига ҳам кам миқдорда зарар етказилган. Мазкур объектда Маданий мерос агентлигининг илмий-эксперт кенгаши хулосаси олинмасдан, белгиланган талабларга зид равишда металл конструция ўрнатилган ва масжид ҳудудида қўшимча қурилиш ишлари олиб борилган.
Маданий мерос объектлари мунтазам мониторинг қилиб борилиши натижасида, Тўрткўл тумани “Калтаминор” ОФЙ ҳудудида жойлашган милоддан аввалги IV асрларга оид Қўйқирилган қалъа археология объектининг мухофаза ер чегарасининг ички томонига “Низомиддин Аброр” фермер хўжалиги раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан буғдой экилгани аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Бу бўйича Элликқалъа туман суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, Маданий мерос бошқармасининг 2022 йил 10 февралда тегишли ташкилотга тақдимнома берилганлигига қарамасдан, “Қирқ қиз” саройи, “Хўжа Самандар Термизий”, “Султон Саодат” мақбаралари, “Оқ остона”, “Кокилдор ота” архитектура ёдгорликлари қаровсиз қолганлиги боис бугунги кунда бу объектлар таъмирлаш ва тиклашга мухтож бўлиб қолмоқда.