Аммо ўтган вақт оралиғида бирон бир амалий иш кўзга ташланмади. Ҳатто мажмуанинг пойдевори ҳам чалалигича қолиб кетди.
Ҳозирги вақтда аҳолига спорт мажмуасидан кўра мактаб биносига эҳтиёж пайдо бўлди. Мазкур бир гектар ер майдони 20 йил олдин спорт мажмуаси қуриш мақсадида туман спорт бўлими балансига туман ҳокими қарори билан ўтказилган экан. Ҳеч қандай амалий иш бўлмагач, биз республика, вилоят, туман ҳокимликларига ҳам, Республика халқ таълими вазирлигига ҳам, Спортни ривожлантириш вазирлигига ҳам ёрдам сўраб бир неча бор мурожаат қилдик.
Айни пайтда Катта қўштепа қишлоғи аҳолиси салкам 5 минг нафарни ташкил қилмоқда. 500 дан зиёд мазкур қишлоқда яшовчи ўғил-қизлар ўз яшаш манзилларидан 3-3,5 км масофа узоқликдаги Бекобод маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 20-мактабда таҳсил олишади. Ушбу таълим масканига келиш учун ўқувчилар “Қўқон-Фарғона” катта магистрал йўлидан ва Катта Фарғона каналидаги кўприкдан ўтишларига тўғри келади.
– Қишлоқ аҳли мактаб қурилиши тезроқ амалга ошишини истайди, болалар жуда қийналишяпти, – дейди Катта қўштепа маҳалла фуқарора йиғини раиси Нодиржон Мавлонов. – Катта магистрал йўлдан ўтиш жараёнида камида 20 та фуқаро йўл ҳалокати ҳодисасига учраган. Уларнинг ичида кўпчилигини болалар ташкил қилади.
Хўш, қишлоғимизга мактаб қуриш шунчалар зарурми? Ушбу саволимизга Учкўприк тумани халқ таълими бўлими мудири Маъруфжон Маҳмудов шундай жавоб берди:
– Ҳақиқатдан ҳам ҳозир туманимиздаги 800 ўринли 20-ўрта мактабда 1536 нафар ўқувчилар икки сменада ўқийди. Агар халқ сўрови бўйича бу ерга бир янги мактаб қурилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Халқ таълими вазирлиги мактаб қурилиши учун пул ажратмоқчи, лекин Катта қўштепада мактаб қурилиши учун ушбу бўш ер майдонидан бошқа мос келадиган ҳудуд йўқ. Бу ер эса спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфида.
Демак, Халқ таълими вазирлиги спортни ривожлантириш вазирлигига қарашли ҳудудга мактаб қура олмайди. Муаммонинг ечими шундаки, бу ҳудудни Спортни ривожлантириш вазирлиги халқ таълими вазирлиги балансига ўтказиб бериши керак.
– Биз вилоят ҳокимлигига борганимизда улар бу вазирлар ўртасида келишиладиган нарса бўлгани учун бошқа одамлар мазкур муаммога аралаша олмаслигини айтишди, – дейди катта қўштепалик оқсоқол Усмонжон Аҳмаджонов. –- Халқ таълими вазирлигининг қурилиш бўйича бўлим бошлиғи Иброҳимжон Жўраев билан бўлиб ўтган сайёр қабулга борганимизда эса у ҳам қуруқ ваъдалар берди холос.
Учкўприк тумани ҳокимининг ўринбосари Ҳайдарали Умматовнинг таъкидлашича, мазкур муаммо бўйича туман ҳокимлиги томонидан бир неча марта вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилинган. Барибир фойдаси бўлмаган.
Хўш, бу муаммога икки вазирлик масъуллари қандай қарайди? “Сенинг ерингми ёки менинг еримми?” деб фуқароларни сарсон қилишдан фойда бормикан?... Шу ўринда Мавлоно Муқимийнинг “Танобчилар” шеъридаги “ўртада сарсон илик” деган сўзлари ёдимга келди. Бизнинг муаммоимиз токайгача “икки вазирлик ўртасидаги сарсон илик” бўлиб турар экан...
Кейинги пайтда “Янги Ўзбекистон ва “Правда Востока” газеталари таҳририятининг “yuz.uz” сайти ва телеграмканалида танқидий-таҳлилий мақолалар кўп берилаётгани диққатимизни тортди. Ҳамкишлоқларим номидан ушбу мақолани сизларга ёзишга қарор қилдим.
Юртимизда инсон манфаатлари ҳар недан устун деб ҳисобланаётган бир пайтда мана шу майдонда қишлоқ ёшлари учун мўъжазгина бир мактаб ва унинг ёнига шинамгина спорт мажмуасини қуриш иккита катта вазирлик мутасаддиларининг қўлларидан келмайдими? Ёки шу бир хайрли ишни амалга оширишга ҳам кимдир буйруқ беришини кутиб ўтириш инсофданмикан...
Адҳамжон Абдураззоқов,
Учкўприк тумани