Матонат, сабр-тоқат, мардлик ва жасорат тимсоли бўлган мушфиқ оналар ҳамда оталарнинг матонати, сабр-бардошига таъзим қиламиз. Оловли йилларнинг тирик афсоналари босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикояларни тинглаб, фаровонлик ва тинчлик-тотувлик ҳамма нарсадан устун эканини англаб етамиз, дориламон кунлар учун шукрона келтирамиз.

Ўзбекистон тумани “Катта қайнар” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Усмонжон Раҳимовнинг машаққатли ва шарафли ҳаёт йўли кўплар учун ибратли.

Сой соҳилларига туташган хонадон баҳорга монанд яшилликка бурканган. Мевали боғлар қўйнида асаларилар гулдан гулга учиб ўйнайди. Кўзимиз ҳовли сатҳидаги ­сўрида ўтирган, дўппи кийган, кичик жуссали, оқ юзли ва оппоқ соқолли нуронийга тушди. Аср билан юзлашган отахон анча бардам, кўзи нурли. У билан қучоқ очиб сўрашдик. Қулоғи бир оз оғирлашгани учун баландроқ гапиришимизни тайинлади. Отахон урушнинг дастлабки йилларидаёқ фронтга чақирилганлардан.

— Уруш бошланганда 21 ёшда эдим, — дея хотирлайди оқсоқол. — Омоч билан ер ҳайдаётган эдим. Колхоздан вакил келиб, раис сўроқлаётгани ва идорага боришим кераклигини айтди. Уйга ҳам кирмай, айтилган жойга етиб борсам, қўлимга чақирув қоғози берилди. Ўшанда отам 84, онам эса 75 ёшда эди. Йигирма кун деганда фронт чизиғига етиб бордик. Москва атрофида жангда қандай ҳаракат қилиш, ҳимояланиш, ҳужумга ўтиш, траншеялар қазиш ва қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ машқларни бажардик. “Ортга қайтиш йўқ, қайтсанг отиласан”, дейиларди. Харьков остонасида қўлимизга қурол билан бирга 30 дона ўқ ва граната берилди. Ўша оғир дамлар ҳамон ёдимда. Душман самолётлари бомба ёғдирди, атроф култепага айланиб кетди. Саноқли аскар тирик қолганди ўшанда...

Сўзларкан, отахоннинг кўзи намланади, дастрўмол билан мижжасига инган ёшларни артади ва қуруқшаган томоғини намлаш учун чой ҳўплайди.

— Курск вилояти учун жангда фашистнинг 7 та танкини йўқ қилганман, — дея сўзини давом эттиради у. — Ёнимда снаряд портлади. Ўшанда мени ҳалок бўлди деб ўйлаб, уйимга қорахат жўнатилган экан. Бир кундан сўнг тупроқ уюми остидан беҳуш ҳолда ковлаб олишган. Қаттиқ яраланиб, госпиталда даволанганимдан сўнг яна жангларда иштирок этиб, Германияга қадар етиб борганман. Уруш йиллари уйимизга етти марта қорахат келган экан. Ота-онам бу аламга чидай олмаган...

Урушнинг олов йиллари Усмонжон ота учун бирдан якун топмади. У рус-япон фронтида кечган оғир жангларда ҳам иштирок этиб, мардлик ва матонат кўрсатди. 1948 йили она қишлоғига қайтиб, жамоа хўжалигида ишлади. Урушдан кейинги йиллари ҳам осон кечгани йўқ. Оғир жисмоний меҳнат, очлик ва юпунлик кўплаб қийинчиликларга сабаб бўлган. Усмонжон ота Қўқон темир йўл тармоғида ишлади, оила қурди. Эллик етти йил меҳнат қилиб, нафақага чиқди. Турмуш ўртоғи билан 6 фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Бугун эса ўнлаб набира, чевара ва эваралар даврасида умргузаронлик қиляпти.

— Бугунгидек фаровон, эмин-эркин замон ҳеч қачон бўлмаган, — дейди отахон. — Бир бурда нонга зор бўлиб, жон берганларни кўрганмиз. Шукрки, дастурхонимиз тўкин, осмонимиз тинч. Барча шароит етарли, ҳамма нарса бисёр, бирор манзилга бораман десангиз, пиёда юрмайсиз. Кексаларни эъзозлаш, иззат-ҳурмат кўрсатиш, қадрлаш ва хотирлаш йўлида қилинаётган ишлар умримизга умр қўшмоқда. Давлатимизга раҳмат.

Урушнинг тирик гувоҳи бўлган Усмонжон ота ҳали бардам ва сўзга чечан. У мактабдан келган чеваралари Рамзхон ҳамда Шукуржонни илғаб, ёнига чорлади. “Ўқишларинг аъломи?” дея болаларнинг бошини силаб, пешонасидан ўпди.

— Отам билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг ҳаёт йўли биз учун ибрат, — дейди Мастурахон Раҳимова. — Отамдан оилапарварлик, ҳалол меҳнат ва шукроналик хислатларини ўргандик. У узоқ йиллар асалари боққан. Ушбу ҳунар бугун ҳам оиламиз корига ярамоқда. Ҳозир 20 дан ортиқ асалари оиласи бор. Бу борада билмаганларимизни отамдан сўраб ўрганиб, тажриба оширяпмиз.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида бир асрлик умр довонидан ошган нуронийни йўқлаш, у билан ҳамсуҳбат бўлиш истагидагиларнинг қадами узилгани йўқ. Усмонжон ота каби нуронийларнинг шонли умр йўли ва фаолияти халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигига айланиб, ёш авлодни ватанпарвар инсонлар этиб камол топтиришда жасорат ҳамда матонат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Оловли йиллар афсонаси бўлган Усмонжон ота уруш йилларининг суронли воқеа-ҳодисалари билан боғлиқ маҳзун хотиралари ҳақида сўзлаб беради, меҳмонларни алқаб, дуо қилишдан чарчамайди.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири