Шу сабабли ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болаларни уй шароитида даволаш жараёнида шифокорларнинг қуйидаги тавсияларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.
— Амбулатор муолажа олаётган бемор ўғил-қизларнинг тезроқ тузалишида ота-оналарнинг роли ниҳоятда катта, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Динара Дўстмуҳаммедова. — Негаки, бундай вазиятда уларни алоҳида хонада тўғри парваришлаш, гигиена қоидаларига амал қилиш ва энг муҳими, соғлом овқатлантириш керак. Хусусан, олти ойгача бўлган чақалоқларни озиқлантиришда она сутининг ўрнини босадиган маҳсулот йўқ. Айни сабабдан бундай гўдакларни беморлик чоғида ҳам истисносиз эмизиш тавсия этилади.
Олти ойдан ошган болалар таомномасидан эса босқичма-босқич қўшимча овқатлар ўрин олиши, табиий. Шундай экан, уларни одатдагидек озиқлантиришда давом этиш керак. Хўш, бу нега муҳим? Гап шундаки, бемор ўғил-қизларга дармондориларга бой егуликлар берилса, уларнинг касаллик билан курашиш қобилияти ошиб, тезроқ оёққа туради. Яъни қуввати тиклана боргач, организмнинг ўзи хасталикни сиқиб чиқаради.
Тўғри, шамоллаган кичкинтойларда иштаҳа сусаяди. Таом бериш жараёнида инжиқлик қилади. Бироқ бундай пайтда уларни овқатланишга ундаш керак. Ёшига мос, аввал ҳам еб ўрганган ҳамда ўзи севиб истеъмол қиладиган, юмшоқ пиширилган, иштаҳа очувчи маҳсулотлар берилиши мақсадга мувофиқ.
Шифокорлар болани касал пайтида тез-тез, кам-кам овқатлантиришни тавсия қилади. Соғайгач эса одатдагидан ҳам кўпроқ таомлар бериш мумкин. Бу фарзандларимизнинг қувватини тиклаши учун муҳим. Қолаверса, касаллик чоғида болага кўп миқдорда суюқлик ичириш лозим. Қайнатилган сув ёки уйда тайёрланган мева шарбатлари томоқдаги йўтал ва оғриқни юмшатиб, танадан вирусларнинг тезроқ чиқиб кетишини таъминлайди.
Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бемор болани қатъий парҳезга ўтказиш мумкин эмас. Шу билан бирга, янгилик яратиш ҳам тўғри бўлмайди. Масалан, болага аввал истеъмол қилмаган таомлар ва маҳсулотларни вақтинча бермаган маъқул.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.