Айниқса, табрикдаги “Шу маънода, муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлган мард ва жасур ҳарбийларимиз Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвар баҳодирлари, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Халқимиз ўзининг сизлар каби ботир ва довюрак фарзандлари — Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади” деган жумлалар шарафли соҳага кириб келаётган ҳар қандай ёшга умид ва куч бағишлайди.

1993 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” деб белгиланди. Бу кун нафақат ҳарбий хизматчиларнинг, балки армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва келажакда хизматга борадиган минг-минглаб навқирон йигитларнинг байрами, деб қабул қилинган. Зеро, она халқимиз ҳар доим ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Шу боис ўғлонларимиз ҳам ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни эр йигитлик бурчи ҳисоблайди. Шунингдек, бу қутлуғ байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига бўлган ишончини амалда ифодалайди. Бундай юксак ишончни оқлаш учун бугун мард ўғлонларимиз ҳам буюк саркардаларимиз тажрибалари, уларнинг жанговарлик маҳоратларини пухта ўрганишмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий олами хусусида фикр юритганда, бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган Соҳибқирон Aмир Темур ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Ёшлигидан тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган Амир Темур бошқарувнинг нозик сирларини пухта ўзлаштирган. Унда давлатни бошқариш, ҳарбий ишларга бўлган қизиқиш ёшлигидан уйғонган.

Уламолар имтиҳонидан ўтиб, қувваи хофизаси билан уларни ҳайратда қолдирган Темурбек 16-17 ёшида қиличбозлик, найзабозлик ва шикор (ов) қилиш санъатини моҳирона эгаллаб, 20 ёшида абжир чавандоз бўлиб етишади. Ўз тенгқурларини гуруҳларга бўлиб, жанг машқларини ўтказа бошлайди.

Буюк лашкарбоши мамлакат ободончилигини юксалтириш, аҳолининг иқтисодий турмуш тарзини яхшилаш ва мўл-кўллигини таъминлашга ҳам ўзининг улкан ҳиссасини қўшган. Бунга улуғ Aмир салтанат ишларидаги тўрт нарсага — кенгаш, машварату маслаҳат, мустаҳкам қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик, эҳтиёткорликка амал қилганлиги туфайли эришган.

Бугунги кунда буюк ва қудратли аждомизнинг ўзига хос, бетакрор ҳарбий тажрибаси жаҳон халқлари ҳарбий санъати меросидан ҳам муносиб ўрин олди ва ҳозирги куннинг янги мазмуни билан бойиб бормоқда. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ходимлари эса бобомизнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ — чин вазифангиздур” деган эзгу даъватини ўзига шиор қилиб олган. Бу бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросига таяниб, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган, жисмоний ва маънавий етук, замонавий билим, қурол-яроғ ва техникаларни пухта эгаллаган, давлат ва халқ манфаатлари учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёр бўлган ҳарбийларимиз доимо фаол иштирок этиб келаётганлари ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир”.

Бугун кўплаб ота-оналар фарзандининг Темурбеклар мактабида таҳсил олиши, ҳарбий бўлиб, Ватанига сидқидилдан хизмат қилишни истайди. Бу янгиланаётган ва фаровон Ўзбекистонга муҳаббат, унинг танти халқига садоқатдан далолатдир. Зеро, ҳарбийлар қалбида халққа, юртга муҳаббат туйғуси қанчалик жўшқин бўлса, халқ ҳам уларга шунчалик яқин бўлади. Айниқса, ён-атрофимизда нотинчлик ҳукм суриб турган шу таҳликали кунларда одамларимиз барча орзу-умидлари, эртасини миллий армиямиз ва унинг истиқболи билан боғлайди.

Шундай экан, миллий армиямиз — бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Унинг қудратини намоён этиб турган мард ва жасур ўғлонларимиз кеча-ю кундуз сергак туриб, давлатимиз сарҳадларини қўриқлаётгани, халқимиз фаровонлиги йўлида жонларини-да беришга тайёр турганини барчамиз юракдан ҳис қилишимиз керак.

Дилшодбек Ўктамов,

 Жамоат Хавфсизлиги Университети 4-курс талабаси