Боиси, шу пайтгача саноқлигина икки қаватли биноларни айтмаганда, туманда баланд иморат йўқ эди. Шу боис, бу гапларга одамлар унчалик эътибор бермади.
Аммо бир оз вақт ўтиб, туман марказидаги Айғиркўл маҳалласидаги бўш турган майдонда катта қурилиш бошлаб юборилди. Қад ростлаётган биноларни кўрган кишининг дили яйради. Қисқа фурсатда уй-жойга эҳтиёжи борлар янги хонадон харид қилишга шошилди. Шу тариқа туманда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилди. Ҳозир тўлиқ фойдаланишга топширилган ҳудуд марказга кўрк қўшиб турибди.
— Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди обод ва гўзал масканга айланиб бормоқда, — дейди Яккабоғ туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Элбек Бекнаев. — Айниқса, кейинги беш-олти йилда туманимизда хаёлимизга келмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Бу фаровонликларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш учун қилинаётган ишларнинг бир кўриниши. “Янги Ўзбекистон” массивида 2025 йилнинг ўзида мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари бажарилди. Йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, сўнгги йилларда 18 гектар ерда 54 та 5 қаватли, жами 1340 хонадонли кўп қаватли уй- жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мажмуани барпо этиш учун 400 миллиард сўм сарфланди. Лойиҳа доирасида 15 та 36 хонадонли, 1 та 40 хонадонли, 38 та 20 хонадонли уй-жой барпо этилди.
Шунингдек, бюджет маблағлари эвазига 15 миллиард сўмга 330 ўринли янги мактаб, 6,5 миллиард сўмга 120 ўринли боғча ва 1,7 миллиард сўмга маҳалла биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, 15 та иккита кириш йўлакли кўп қаватли уй-жой, 1-қаватида 3750 квадрат метрдан иборат тадбиркорлик субъектлари учун бинолар мажмуаси шакллантирилди. Ушбу мажмуада тадбиркорларнинг 43 миллиард сўм маблағи ҳисобига 45 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 120 та янги иш ўрни яратилди.
Қолаверса, массивда ичимлик сув учун 3,1 километр тармоқ ва 2 та иншоот ҳамда оқова сувга 8,4 километр тармоқ ва битта иншоот, 6 километр ички йўл қурилди. Бундан ташқари 3,8 километрга иссиқлик тармоғи, 1,5 километрга газ қувури тортилди ва 1 та қозонхона қурилди. Улар учун 6 та тақсимлаш пункти ўрнатилди. 7,4 километр электр тармоғи тортилиб, учта трансформатор қўйилди, 2,5 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Болалар учун 8 та ўйингоҳ қурилди. 50 кВт қуёш панеллари ва 140 минг литр сиғимга эга 700 дона гелиоколлектор ўрнатилди.
Келтирилган рақамлар, бажарилган юмушлар оддий ишдек кўриниши мумкин. Аммо бу ердаги улкан бунёдкорликнинг гувоҳи бўлган киши тасанно айтиши шубҳасиз. Ҳа, ҳозир ўзгача шаҳар кўринишига келган бу манзил илгари қаровсиз майдон эди десангиз ҳеч ким ишонмайди.
Белгиланган режага кўра массивда ишлар ҳали тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорларга қулай муҳит яратиш мақсадида кўп қаватли уйларнинг 1-қаватига тижорат банклари бўлимлари жойлаштирилди. Бундан ташқари, 15 та кўп қаватли уй ертўласида тадбиркорлар учун 7500 квадрат метр жой берилади. Унда босқичма-босқич ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади. Жами 150 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Яна бир гап. Мазкур массивда бошқа туман ва шаҳарлардагидан фарқли равишда янгиликка қўл урилган. Етакчи тадбиркор ташаббуси билан йирик лойиҳа асосида экобозор ташкил этилган. Қиймати 6 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу мажмуа уч қаватдан иборат. Унда 80 та иш ўрни яратилган. Муҳими, экобозор аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қоплашга хизмат қилади. Хусусан, унинг биринчи қаватида деҳқончилик маҳсулотларини сотиш учун юздан зиёд раста жой олган. Иккинчи қаватида эса 106 та кийим- кечак дўкони ишга туширилган. Учинчи қаватида болалар ўйингоҳи ҳамда ресторан фаолияти йўлга қўйилган.
— Экобозоримиз нафақат “Янги Ўзбекистон” массивида яшовчилар, балки туманимиз аҳолиси учун ҳам қулай савдо мажмуасига айланди, — дейди “Келажак ренессанс” МЧЖ раҳбари Мақсуд Камолов. — Ҳозир харидорлар ҳар бир кичик нарсага ҳам эътиборли, бозор маданиятига жиддий қарайди. Шу боис, иложи борича шароит яратишга ҳаракат қилганмиз. Талаб ва таклифлар ўрганилиб, ҳар бир жиҳатни инобатга олдик. Хизмат кўрсатиш тўлиқ замон талабларига мос тартибда. Ҳозир 250 дан зиёд иш ўрни яратилди. 2026 йил давомида яна қўшимча лойиҳаларни ишга туширишни режа қилганмиз. Шу орқали яна 50 га яқин киши ишли бўлади. Қолаверса, истеъмолчилар учун янада қулайликлар яратилади.
Давлатимиз раҳбари 2025 йилнинг июнь ойидаги Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур экобозор фаолияти билан ҳам танишганида мутасаддиларга бундай қулай савдо мажмуаларини бошқа туман марказларида ва массивларда ҳам кўпайтириш кераклиги борасида кўрсатма берган эди. Демак, келгусида экобозор нафақат Яккабоғ туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам барпо этилиб, аҳолига хизмат қилишни бошлайди.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири