Ташриф давомида ОФК президентига ташкилот Бош котиби Датук Сери Виндсор Жон, Бош котиб ўринбосари Воҳид Кардани, шунингдек, бир нечта масъул вакиллар ҳамроҳлик қилишади.
Меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири Aдҳам Икромов, ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимовлар кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Тошкент ва Қарши шаҳарларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ўтказилади. Осиё футбол конфедерацияси президенти мазкур тадбирга тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишади. Шунингдек, жараёнда мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришга оид масалалар ҳам муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Шундан сўнг расмийлар МОҚга ташриф буюрдилар. Унда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мавзусида учрашув ўтказилди. Йиғилишда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳам иштирок этди.
Суҳбатда Адҳам Икрамов ОФК раҳбарини мамлакатимизда футбол оммавийлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.
“Сиз каби фахрий меҳмонларни қабул қилиш биз учун шараф. Мамлакатимиз ва ОФК ўртасидаги дўстона алоқалар йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Сир эмаски, футбол ёшларимиз орасидаги энг севимли спорт турларидан. Спортни ривожлантириш вазирлиги, МОҚ ва ЎФА юртимизда футболни янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш бўйича ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Ҳозир Ассоциациямизда кучли жамоа шаклланди. Улар футбол оммавийлигини маҳаллалардан бошлаб татбиқ қилмоқда. Бу селекция ишларига ҳам ёрдам беради. Мамлакатимизда футболни ривожлантиришга шахсан Президентимизнинг ўзлари эътибор қаратмоқдалар”, – деди Спортни ривожлантириш вазири.
Ўз навбатида, ОФК президенти ҳам бу борада олиб борилаётган ўзгаришлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади.
“Мен ва жамоамни илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур билдирамиз. Ўзбекистонга қилган сўнгги ташрифим ва ҳозирги ҳолатни солиштирсак, давлатингизда ҳар томонлама катта ўсишни кўриш мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, ЎФАда кучли жамоа тузилиб, самарали фаолият олиб бормоқда. ОФК Ўзбекистонга шунчаки аъзоси эмас, ўзининг энг яқин ҳамкорларидан бири сифатида қарайди. Мамлакатингизда футболни янада ривожлантириш йўлида мана шундай ишлашда давом этсак, кўп натижаларга эришамиз. Бунинг учун Ўзбекистонда яхши инфратузилма мавжуд”, – деди Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.
Суҳбат давомида Тошкентда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш, мамлакатимизда мураббийлик, ҳакамлик соҳаларида малакали кадрларни тайёрлаш, футбол оммавийлигини ошириш мавзуларида фикр алмашилди. Учрашув якунида мартабали меҳмон МОҚнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўзининг самимий тилакларини ёзиб қолдирди. Шундан сўнг Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалик марказининг фаолияти билан танишди.