Мартабали меҳмонни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов қарши олишди.
Даставвал МОҚ раҳбарияти меҳмонларни Қўмита фаолияти билан яқиндан таништирди ва уларга ўзбек спортининг шонли тарихи ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг режа бўйича, бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Қайд этиш жоиз, Ал Сабаҳга ушбу конфедерация Бош котиби Дуайж Ал Отайби ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раиси Ойбек Норинбоев ҳам қатнашди. Сўз аввалида Рустам Шоабдураҳмонов Ал Сабаҳнинг ташрифидан мамнун эканлигини билдириб ўтди.
Ўз ўрнида мартабали меҳмон ҳам янги ғоя ва режаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдириб ўтди.
«Ўзбекистонда бўлиш мен учун шараф. Илк бор 2006 йил мамлакатингизга келган эдим. Ҳозир Ўзбекистоннинг тараққиёти улкан даражада ўсган. Дарҳақиқат, қурилаётган янги ўқ отиш маркази менда илиқ таассурот қолдирди. Унинг имкониятлари ҳар томонлама юқори эканини билиб олиш қийин эмас. Келгусида ўзбекистонлик спортчи ва мураббийларнинг малакаларини ошириш учун ёрдам беришга тайёрмиз», – деди Ал Сабаҳ жаноблари.
Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида мамлакатимизда ўқ отиш спортини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, Тошкентда кўплаб халқаро тадбирларни ташкил этиш каби истиқболли масалалар муҳокама қилинди, деб хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.