Маълумки, ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Остон Ўринов 2020 йилнинг февралида Россия Премьер-лигасининг “Уфа” клубига ўтган эди. Ўша мавсум охирида уни Москванинг “Спартак” клуби сотиб олгани ва унга   йиллик 600 минг евро маош тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин Остон москваликлар сафида деярли майдонга тушмади ва “Уфа”да ижара асосида фаолиятини давом эттирди.

Россиянинг Championat.com сайти тарқатган хабарга кўра, айни кунларда Москва вилоятининг “Химки” клуби О. Ўринов билан музокара ўтказмоқда. “Химки” ярим ҳимоячини “Спартак”дан ижарага олиш имкониятларини кўриб чиқяпти. Агар “Спартак” футболчи билан келишувни бекор қилса, Остон эркин агент сифатида “Химки”нинг тўлақонли аъзосига айланади.