Зиёдилла Матқосимов Поп тумани Янгиер маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи Соҳиба Жўраева ажрашиб кетишган эди. Матқосимовдан фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг буйруғига кўра 2 нафар вояга етмаган фарзанди учун ҳар ойда топган даромадидан алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Поп туман бўлими иш юритувига олинган вояга етмаган фарзандлар учун алимент маблағлари ўз вақтида ундириб бериб келинаётган эди. Албатта, давлат ижрочилари томонидан ушбу ажрашиб кетган эр-хотин билан оила, уни асраб авайлаш, қадрига етиш каби берилган тушунтиришлар самара бериб, куни кеча бўлим биносида ярашишга аҳд қилишди.
— Албатта, бугун алимент маблағларини фарзандларим учун вақтида оларман, лекин ота меҳри болажонларим учун ҳар нарсадан устун эканини ҳис этдим, дейди Соҳиба Жўраева. Мана бугун турмуш ўртоғим билан ярашишга аҳд қилдик. Энди оиламиз яна тикланиб, фарзандларимизга бирга тарбия берамиз. Бунинг учун Бюронинг туман бўлимига раҳмат.
Дарҳақиқат, Бюронинг туман бўлими томонидан ҳокимлик, давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик иштирокида ҳар бир маҳаллаларда алоҳида тушунтиришлар олиб борилмоқда. Унда оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажрашишларнинг олдини олиш, ажрашиш ёқасида турган оилаларни яраштириш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Умуман олганда, туман бўлим иш юритувида бугунги кунда 1880 та алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд. Жорий йилнинг ўтган 5 ой мобайнида бўлим томонидан 1 млрд 250 млн сўм атрофида алимент маблағлари ундирилди. Шунингдек, вақтинча ишсиз алимент тўловчилар бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда бандлиги таъминланмоқда.
Хусусан, шу кунга қадар 70 нафар ана шундай фуқаролар турли корхона, ташкилотлар ва жамиятларга ишга қабул қилиниб, ҳар ой ўз фарзандлари учун моддий таъминотни бериб келишмоқда.
МИБ Наманган вилоят бошқармаси