А.Авлоний миллий-тадқиқот институти томонидан “Мобил телефон – ўқувчига дўстми ёки душман?” мавзусида сўровнома ташкил қилинган эди. 10 кун муддат давомида 95 400 нафардан ортиқ фойдаланувчи сўровнома саволлари билан яқиндан танишиб, улардан 21 400 нафари овоз беhган.

Cўровнома натижалари шуни кўрсатдики, биринчи савол бўйича “Қўнғироқлар, хабарлар, ижтимоий тармоқ, ўйин ва бошқалар ўқувчиларнинг фикру-хаёлини дарсдан чалғитади” деган жавоб 52% овоз билан энг юқори кўрсаткични қайд этган.

Жуда кўпчилик ўқитувчилар, ота-оналар ушбу фикрни тасдиқлашмоқда. Энг кам кўрсаткични эса 16% овоз билан “Телефондан фойдаланиш маданиятига риоя қилинса, дарсларга салбий таъсир кўрсатмайди”, дея баъзи ўқитувчилар, ота-оналар таъкидлашмоқда. Фарзандингизнинг мобил телефонини қанча муддатда текшириб турасиз? – дея ота-оналардан фикрлари сўралганда, уларнинг 59 фоизи фарзандининг мобил телефонини ҳар куни текширишини, 24 фоизи умуман текширмаслигини ва 17 фоизи эса ҳар ҳафтада текшириб туришини билдирган.

Сўровноманинг навбатдаги саволида энг юқори кўрсаткич 63% бўлиб, унда ўқувчиларнинг кўпчилигини Интернет(YouТube, Tik tok, Telegram ва бошқалар)нинг шайдоси бўлиб қолаётганини яна бир бор исботини кўриш мумкин. Ушбу саволдаги энг кам овоз 24% кўрсаткич билан “Фақат дарс тайёрлаш, синф машғулотлари учун ишлатишмоқда” дея қайд қилинмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, бугунги куннинг айрим ўқувчиларида билим олиш охирги ўринга тушиб қолмоқда. Сўровноманинг сўнгги саволи юзасидан таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўқитувчилар, ота-оналардан фикр сўралганда улар бир овоздан 84% овоз билан қўшилишини, 13 фоизи қўшилмаслигини ва 3 фоизи эса фарқи йўқ эканлигини таъкидлашди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, бугунги кун 21 аср янги техника ва технологиялар замонидир. Шу сабабли ўқувчиларда мобил алоқа воситаларидан фойдали мақсадларда, унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш долзарб масала ҳисобланади.

Ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фикридан ҳам билиш мумкинки, ўқувчилар камдан-кам ҳолларда гаджетлардан ўқув мақсадларида фойдаланишмоқда. Бунинг салбий оқибатларидан бири шундаки, ўқувчилар реал оламдан узилиб қолиши ва ижтимоийлашув жараёнида катта муаммоларга дуч келиши мумкин.

Ҳўш, нима сабабдан ўқувчилар дарс жараёнида гаджет, жумладан, мобил телефонлар орқали ўзлари учун фойдасидан кўра зарари кўп бўлган контентларни томоша қилиш, турли инсон руҳиятига салбий таъсир қиладиган ўйинларни ўйнаш ва бекорчи хабар, мулоқотларга қимматли вақтини сарфламоқда?

Ваҳолангки, дарсдан асосий мақсад илм олиш, ўзлигини англаш, ижтимой ҳаётда керак бўладиган амалий кўникмаларни эгаллаш эмасми? Сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 76 фоизи ҳар куни ёки ҳар ҳафтада фарзандининг қўл телефонини текшириб туришини айтишган бўлса-да, юқорида айтилган салбий оқибатларнинг мавжудлигини ота-оналарнинг ўзлари ўқитувчилар билан бирга тасдиқлашмоқда. Шунингдек, ота-оналарнинг 24 фоизи фарзандининг қўл телефонини умуман назорат қилмаслиги жиддий муаммо ҳисобланади.