Таъкидланишича, 4 февраль ҳолатига мамлакат суғурта бозорида расмийлаштирилган 74 мингдан зиёд электрон полисларнинг 30 минг 504 таси (41%) “Uzinsurance” ҳиссасига тўғри келади. 2021 йил давомида таъминланган суғурта мукофотлари 44,5 миллиард сўм аҳоли суғуртаси ҳиссасига тўғри келади. Қишлоқ хўжалигини суғурталаш бўйича 2 миллиард сўм, қолган 214 миллиард сўмлик суғурта тушумлари бошқа суғурта турлари бўйича амалга оширилган.

Айтиш жоиз, 2021 йилда аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган янги турдаги суғурта маҳсулотлари амалиётга жорий қилинди. Хусусан, фуқароларнинг соғлиғи билан боғлиқ бўлган суғурта маҳсулоти яъни, уларга вакцинация жараёнида чин маънода тиргак бўлиши учун янги суғурта тури ишлаб чиқилди. Ушбу суғурта полиси амал қилиш даврида суғурталанган шахснинг “COVID-19» вакцинацияси доирасида қабул қилган, расман ҳужжатлаштирилган вакцинанинг салбий оқибатлари натижасида юз бериши мумкин бўлган салбий ҳодисалардан молиявий ҳимоялашни назарда тутади.

Компания 2021 йилда суғуртанинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини маҳаллабай ишлаш йўналишига қаратди. Жумладан, компания ходимлари аҳоли хонадонларига кириб, уларнинг талаб ва истакларини ўрганди. Мақсад биринчи навбатда фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон қилиш. Бунда асосий эътибор дафтарларга киритилган фуқароларга қаратилди. Маҳаллабай ишлаш, ҳар бир хонадоннинг талаб ва истакларини ўрганиш, уларни турли молиявий хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш компания фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Бугун барча соҳалар қатори суғурта йўналишида ҳам замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва шу орқали мижозларга қулайликлар яратишга эътибор янада кучайди. “Uzinsurance” компаниясида ҳам бугунги кунда халқимиз орасида оммабоп ҳисобланган суғурта турларининг онлайн шакли амалиётга татбиқ этилди. Хусусан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, автотранспорт воситасига ўрнатилган газ ускуналаридан фойдаланиш оқибатида юз бериши мумкин бўлган қалтисликлардан суғурта қилиш, аҳоли турар-жой иморатлари ва уй-рўзғор буюмларини комплекс суғурта қилиш, бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш ва юқумли калликлардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш каби суғурта турлари бўйича Е-полис тақдим этилаётгани шулар жумласидандир. Яна бир маълумот. Жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига мамлакат суғурта бозорида расмийлаштирилган 74 мингдан зиёд электрон полисларнинг 30 минг 504 таси яъни, 41 фоизи “Uzinsurance” ҳиссасига тўғри келди.

Яна бир муҳим жиҳат, мамлакат суғурта бозорининг етакчи иштирокчиларидан бири ““ Uzinsurance ” фаолияти самарадорлигини таъминлаш, янги инновацияларни жорий этиш, нафақат маҳаллий, балки халқаро суғурта бозорида ҳам тенг рақобатга кириша олиш ҳамда давлат кафолатисиз хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида таркибий ислоҳотларни амалга оширди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси сифатида компания кетма-кет учинчи йил «Фитч» халқаро рейтинг агентлиги томонидан «ББ–” барқарор рейтингига эга бўлди.