Мустақиллик йилларида туғилганлар ёзмиши буткул бошқа эди. Уларнинг олди – ҳурриятга эришган йилимиз туғилган йигит-қизлар бугун 32 ёшга кирди. Улар ўз юрти яқин-яқингача мустамлака бўлганини улғайиб, китобларда ўқиб, катталарнинг ҳикояларидан эшитиб билди.
Шу боис, бу ёшларимизнинг закоси озод ва шиддатли, эркин ва ғолибкор бўлиб улғайди ва яна камолотга етмоқда. Уларнинг дунёқараши ва ватанга дахлдорлик ҳисси буткул бошқача. Мустақиллик тенгдошлари Ўзбекистон деган юртни фақат ўзиники деб билади. Бу юртнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам фақат бизники эканига ишонади. Тарихдаги мудҳиш хатолардан хулоса қилиб, ҳаётга завқ билан қарайди, умид ва ишонч билан яшайди.
Қуйида мустақиллигимиз билан тенгдош ана шундай истеъдодли, ватанпарвар йигит-қизларимиз ўй-хаёллари, орзу-умидлари билан танишасиз.
АСОСИЙ ЖАРРОҲ СИФАТИДА 400 ГА ЯҚИН ЮРАК ОПЕРАЦИЯСИДА ИШТИРОК ЭТДИМ
Эришаман деб ўз олдига қатъий мақсад қўйган одамнинг нияти, агар ҳаракат қилса, албатта, амалга ошар экан. Эсимни таниганимдан буён касб танлаш борасида менга ягона танлов бўлган. Шифокор бўлишни орзу қилганман. Онам Тошкент педиатрия тиббиёт институтида биологиядан таҳсил берар эди. Кўпинча аудиториядаги дарсларида мен ҳам ўтирар, мавзуларга қулоқ солар, оқ халатли талабаларга ҳавасим келарди. Эҳтимол, бу қизиқиш ўша паллада уйғонгандир.
Негадир “Ким бўлсам экан?” мавзусида гап очилса, ҳеч иккиланмай “Мен юрак доктори бўламан, юраги касал болаларни даволайман”, дердим. Тасаввуримда “юрак доктори” шифокорлар ичида энг зўри эди. Бу орзу бора-бора қатъий мақсадга айланди.
8-синфда ўқиётган кезларимиз мактабимиз капитал таъмирдан чиқарилди. Шу баҳона ўқув-лаборатория жиҳозлари келтирилди. Кимё ва биология фанларидан амалий машғулотлар ўтказа бошладик. Фанга меҳрим, амалий машқларга қизиқишим туфайли устозларим мени ўзига ёрдамчи қилиб олганди. Бундан ташқари, биология фанидан ўтказиладиган олимпиадаларда ҳам фаол эдим.
Академик лицейдаги даврим ҳам ўқиш шиддати билан кечди. Футболни яхши кўрганим учун дўстларим ўйинга чақириб келар, мен вақтимни қизғаниб стадионга бормасдим. Институтга кириб олсам, вақтим бемалол бўлади, истаганча футбол ўйнайвераман, деб ўйлардим.
Уч йиллик меҳнатим бесамар кетмади. Кимё ва биология фанларидан натижам деярли 100 фоиз чиқди ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтига 2-ўринда қабул қилиндим. Кўп ўтмай билдимки, тиббиёт институтида таълим олиш жуда қийин ва масъулиятли экан.
Институтда бизга Ибн Сино номидаги давлат стипендияси совриндори кимёдан дарс ўтган. Ўша устозимизга ҳавас қилиб, мен ҳам шу стипендия эгаси бўламан, деб ҳаракат бошлаганман. 6-курсга ўтгач, шу орзуимга ҳам эришдим. Тўғри, бу осон бўлмади. Ўқишдан ташқари тезис ва мақолалар ёздим. Халқаро анжуманларда фаол иштирок этдим.
Магистратурага ўтгач, ўша пайтдаги “Истеъдод” жамғармаси танловида ғолиб бўлиб, ўқишни Лондондаги университетда давом эттирдим. Британияга кўникишим осон бўлмаган. Ватанимни соғинаверганман. Ҳатто 10-15 кун ўтгач, “Нега келдим, ўзи яхши ўқиб юрувдим”, деб афсус ҳам қилганимни ҳозир кулиб эслайман. Мусофирликда ватанпарварлик ҳисси жўшқин бўлар экан. Юртнинг ҳар қарич ерини қўмсар экансиз. Хонам деворига катта қилиб байроғимизни осиб қўйган эдим. Кўзим тушса, ҳовурим босилади, деганман.
Университетнинг контракт тўлови жуда қиммат, ўз хоҳишим билан истасам ҳам у ерга бориб ўқий олмасдим. Давлатимиз менга шу имкониятни берди ва келажак учун режалар туза бошладим. Турли маданият, турли фикрлар, интилишлар... Бу дунёқарашимни ўзгартирди.
Университетимизнинг Great Ormond Street Hospital деган клиникаси бўларди. Бўш вақт топдим дегунча кардиожарроҳлик бўлимига борардим. Жараёнларни кузатар, билмаган нарсаларимни сўрар, қўйингки, профессорлар ёнида юраверардим.
2019 йил сентябрь ойида университетни муваффақиятли битирдим. Ватанимизга қайтган кунимнинг эртасигаёқ ариза ёзиб, Тошкент педиатрия институти клиникасида кардиожарроҳ сифатида фаолиятимни бошладим. Шу кунга қадар асосий жарроҳ сифатида 400 га яқин юрак операциясида иштирок этганман.
Кўп ўтмай бутун дунёда коронавирус пандемияси бошланди. Бу фаолиятимизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Режали операцияларни қолдиришга мажбур бўлдик. Уйда ўтириб, беморларга, халқимизга қандай ёрдам беришим мумкинлиги ҳақида ўйлардим. “Ютуб”да канал очиб, беморлар томонидан бериладиган энг кўп саволларга жавоб тариқасида видеолар тайёрлаб жойлай бошладим. Ўша пайтлари ўзбек тилида туғма юрак нуқсонли болалар парвариши бўйича видеоконтентлар йўқ эди ҳисоби. Карантин енгиллашиб, одатдаги иш тартибимизга қайтгач ҳам бу ишни давом эттирдим.
Охирги уч йил давомида соҳамиздаги асосий муаммо бўлиб келаётган мураккаб туғма нуқсонли болалардаги жарроҳлик муолажалари, кичик ёшдаги болаларда, чақалоқларда муолажаларни секин-аста жамоамиз билан йўлга қўя бошладик. Бунинг учун клиникамизда шароитлар яратиб берилди.
Германиянинг Мюнхен, Япониянинг Окаямо шаҳарларида болалар кардиожарроҳлиги бўйича амалиёт ўтаб келдим. Мураккаб операцияларни энди четга чиқмай ҳам ўзимизда амалга ошира бошладик. Уч-тўрт йил илгари шароит йўқлиги туфайли бемор боласини бағрига босганча ноилож эшигимиздан қайтган ота-оналарни бугун ҳам ўйласам қийналаман. Шароити борлари Ҳиндистон, Жанубий Корея ёки Россияга бориб фарзандини операция қилдириб келди. Шароити йўқлар-чи? Худога шукр, бугун бундай операциялар ўзимизда бемалол амалга оширила бошлади. Муолажаларни муваффақиятли ўтказяпмиз. Бунинг ортидан четга чиқаётган беморлар сони кескин камайди, қолаверса, қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан даволаниш учун бизга келишяпти.
Талабалик йилларимдан биологиядан халқаро фан олимпиадаларида ментор таржимон сифатида қатнашганман. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон жамоаси таркибида таржимон сифатида қатнашиб келаман. Бу йил ҳам БААда ўтказилган олимпиадада иштирок этдик. Мактаб ва лицей ўқувчилари ўртасидаги мазкур билимлар мусобақасида жамоамиз йилдан-йилга қувонарли натижа кўрсатяпти. Таълим тизимидаги бу арзимас меҳнатим 2021 йил Халқ таълими вазирлиги томонидан юксак баҳоланиб, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.
Болалигимизда кўп тенгдошларим илмга эмас, касбга йўналтирилган. Бу яхши. Ота-оналаримиз касб-ҳунар ўрганиб, тезроқ оилага ёрдами тегсин деган. Бироқ тараққиётга илм орқали эришишнинг ўз завқи, масъулияти бор. Ёшларни илм олишга рағбатлантириш, илмий кадрлар салоҳиятини оширишга эътибор қаратилгани замирида катта маъно бор. Илмий потенциал шаклланса, Ўзбекистон тараққий этган давлатлар орасида ўз ўрнини янада мустаҳкамлайди. Бугунги имижи янада кўтарилади.
Ёшим 32 да. Ватанимиз мустақил бўлган йили туғилганман. Шунданми, менда Ватанимиз тараққиёти билан қадамба-қадам юриш, миллий тараққиётимизга ҳисса қўшиш масъулияти бор. Ўз олдимга катта мақсадларни қўйганман. Улардан бири Ўзбекистонда топиш мушкул бўлган болалар кардиожарроҳлиги бўйича адабиётлар яратиш. Ҳозир илмий фаолиятимга ёндош бу дарсликлар устида ҳам ишлаяпман.
Бобур ТЎРАЕВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
клиникаси кардиожарроҳи
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ШАБАДАСИ ДУБАЙДА ҲАМ ЭСЯПТИ
Салкам беш йилдан буён Бирлашган Араб Амирликларида кўчмас мулк савдосида фаолият юритаман. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Инсон қандай муҳитда улғайса, ўша муҳит уни тарбиялайди, келажагини яратади. Болалигимдан бизнес, тадбиркорлик соҳасига қизиқаман. Ота-онам Термиз шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланган. У пайтлар ҳали бугунгидай тадбиркорларга эътибор йўқ, ўзлари ҳаракат қилиб, дўкон юритган. Шунинг ортидан бизни ўқитган, оёққа қўйган.
Бугун вазият тамоман бошқа. Президентимизнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқотини кузатарканман, юртимиздаги тадбиркорларга, хусусан, ёшларга берилаётган имтиёзларни эшитиб, хурсанд бўлдим. Астойдил меҳнат қилган, юрт равнақига ҳисса қўшган ёшларни давлатимиз мукофотлаяпти. Бу имкониятлар туфайли мамлакатимиз ривожланган давлатлар билан рақобатга киришяпти. Дунёда янги Ўзбекистон имижи пайдо бўлди.
Бизнинг вақтимиз деярли бозорда ўтса ҳам ота-онамиз таълим олишимизни жиддий назорат қилган. Мактабни аълога битирдим. Отамнинг асл касби педагог, бироқ саломатлигидаги муаммо сабаб мактабда ишламай қўйган. Рўзғор тебратиш учун бозорда иш бошлаган. Уйга кеч қайтардик. Илк ижтимоий мулоқотни ҳам бозорда ўрганганмиз.
Ўқувчи эдим. Термизга сайёҳлар кўп келарди. У пайтлар ҳозиргидек ўқувчиларнинг 1-синфдан бошлаб инглиз тилини ўрганиши қаерда дейсиз?! Сайёҳлар, асосан, инглиз тилида гапирар, мен эса “қанийди тил билсам-у, меҳмонлар билан суҳбатлашсам”, деб орзу қилардим. Ҳозир ўйласам, аслида чет тилни билиш тижорат соҳасида муваффақиятга эришишнинг бир калити экан. Шу орзу ортидан эргашиб, инглиз тилидан қўшимча дарсларга қатнадим. Сўнг таълимни Термиз давлат университетида хорижий филология факультетида давом эттирдим.
Ўқувчилик йилларим бозорда стол қўйиб писта, қурт каби майда-чуйдалар сотган бўлсам, талабалик йилларим хорижий тилларни ўқитишга асосланган ўқув маркази очдим... Ошхона юритдим.
Университетни битиргач ҳам бизнесда ўз йўлимни топиш, катта-катта лойиҳалар қилиш илинжида юрдим. Бироқ йўл очилмади. Юртимизда энди-энди ислоҳотлар бошланган пайтда хорижга кетдим.
Насиба экан, шу ерда тадбиркорлик билан бандман. Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси билан шуғулланмаганман. Бироқ савдо-сотиқни тушунишим, болалигимдаги босқичма-босқич даромад қилишга уринишларим бесамар кетмади.
Қолаверса, бу соҳа юртимизда энди ривожланяпти, фирмалар, компаниялар фаолият юрита бошлади. 5-6 йил илгари бу иш билан, асосан, маклерлар шуғулланарди.
Ўзбекистондаги ўзгаришлар, ислоҳотларнинг шабадаси Дубайда ҳам эсяпти. Нега бундай деяпман? Чунки давлатимизнинг хориждаги ватандошларга ғамхўрлиги ва эътиборини мамлакат ташқарисидаги мусофир юртдошларимиз кўриб, ҳис қилиб турибди. Исталган пайт ватанга бориб-келамиз. “Ватандошлар” жамоат фонди билан доимий алоқадамиз. Фонд ҳар хил викториналар, лойиҳалар қиляпти, ғолибларни юртимизга таклиф қилиб, саёҳатлар ташкил этяпти. Ҳатто оғир аҳволда қолган юртдошларимизни топиб, маънавий, психологик ёрдам беряпти. Ҳатто ҳафтада бир кун таниқли имомлар, профессор-олимлар, психологлар билан видеомулоқотлар ташкил қиляпти. Манзил ташланади, истаган ҳар бир ватандош кириб мулоқотда иштирок этиши мумкин.
Аслида Ўзбекистонда туриб хориждаги фуқаролар ҳолини ўйлаш, ёрдам бериш, руҳлантириш катта ислоҳот. Бизнинг ортимизда Ватанимиз турибди, деган ишонч катта мотивациядир.
Янги Ўзбекистон хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоялаяпти. Консуллик нима ёрдам сўрасак, кўмак қўлини чўзади, маслаҳат беради.
Мақсадларим кўп. Бугун хорижда тажриба орттирган ҳамюртларимиз Ватанга қайтса, давлатимиз қучоқ очиб кутиб оляпти. Мен ҳам ўз тажрибаларим билан юртимизга қайтиб, шу йўналишда тадбиркорлик фаолияти юритмоқчиман.
Зафар НОРМУРОДОВ,
БААдаги “Aqua Properties Company” мутахассиси
ТАБИАТ КУЧИ ВА ЯҚИНЛАР КЎМАГИ БИЛАН...
Аёл кишининг жамиятда ўз ўрнини топишида оиланинг, давлатнинг қўллаб-қувватлови муҳим. Шароит яратиб берилган муҳитда, унинг кичкина ютуғи эътироф этилган жойда ҳар бир хотин-қиз муваффақият қозониши бор гап.
Етти йил мактаб таълимига қўшимча мусиқа ва санъат мактабининг фортепиано синфида таълим олганман. Рақс, шахмат, дизайнер... Вақтимиз тақсимланган эди. Отам тилшунос, онам шифокор – ҳар иккиси илм билан машғул, бизни ана шу муҳит улғайтирди.
Ота-онам мени илм йўлида қандай қўллаб-қувватлаган бўлса, турмуш қургач ҳам шу муҳитга тушдим. Тўғри, аёлларга ҳеч қачон осон бўлмайди, бироқ табиат уларга куч ҳам берган. Англадимки, аёллар худди жанглёр каби бир неча сферани баравар ушлаб туришга ҳаракат қилади. Оила, ўқиш иш, шахсий қизиқишлар... Мақсад аниқ бўлса, ёнингизда ҳамроҳингиз бўлса, бу ҳамроҳ ҳатто фарзандингиз бўлиши ҳам мумкин, мақсадга етиш осон.
Она томондан аждодларимиз шифокорлар бўлиб, шу муҳит ичида улғайдим. Шифокорликка қизиқмасам-да, ёшлигимдан саратон касаллигига қарши дори ишлаб чиқараман, дердим. Янги дори-дармон ишлаб чиқараман, соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшаман, дея орзу қилардим.
Йўналишим – биотехнология. Тошкент кимё-технология институтида таълим олдим. Ўқишимизда таълим амалиёт билан уйғун олиб борилади. Озиқ-овқат технологияси ҳақида билимга эга бўлишимиз учун ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхоналарда, маҳсулотни нолдан бошлаб тайёрлаш жараёнида иштирок этганмиз. 2-курсга ўтгач, биотехнологик лабораторияга амалиёт ўташ учун борганман. Шу қадам ҳаётимда бурилиш ясади.
Микробиология бугун чиндан ривожланяпти. Келажакдаги муаммолар учун ечимлар таклиф қиляпти. Ҳукуматииз томонидан эътибор бериляпти. Соҳа очарчилик, ичимлик сув ва об-ҳаво муаммосининг ечимида ҳам ёрдам беради. Бироқ айрим масалалар борки, соҳа тараққиётига йўл бермаётган эди. Масалан, баъзи олий таълим муассасалари лабораторияларида машғулотлар учун шароит етарли эмас эди. Аста-секин бу муаммолар ҳал этиляпти.
Талабалик даврида турмуш қурдим, ўғлимиз туғилди. У шўх бўлгани боис кўча-кўйда кўп йиқилар, табиийки, енгил жароҳатлар оларди. Шундай пайтларда ёнингизда доим ҳам спирт ва пахта бўлмайди. Қолаверса, спирт билан ярага ишлов берилса, ачиштиради. Бола азобланади. Шундай универсал маҳсулот бўлса-ю, шу масала муаммосиз ҳал этилса, деб ўйлардим. Бу орзуим ҳам рўёбга чиқди: “LiPach” лойиҳа шу тарзда амалга ошди. Жароҳатларнинг тез битиши ва турли ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқара бошладик. Маҳсулотимиз аёлларнинг тирноғига суриладиган бўёқ идишига ўхшаш идишларда бўлиб, олиб юришга жуда қулай.
Суюқ пластир қонни дарҳол тўхтатиб, ярали жойда 2-3 сония ичида юпқа шаффоф парда ҳосил қилади. Бу парда ярани ҳимояловчи восита сифатида бир-икки кун туриши мумкин. Муҳими, маҳсулот сув ўтказмайди, ҳатто ишқалсангиз ҳам кетмайди.
Бундан ташқари, лойиҳамиз устида қайта изланишлар олиб бордик. Жамоамиз билан теридаги қадоққа қарши қўлланиладиган суюқлик ишлаб чиқаришга эришдик. Биласиз, янги пойабзал оёқларда оғриқли қадоқ ҳосил қилиши мумкин. Иш ёки кўча-кўйда бундай ноқулай ҳолда юриш оёққа оғриқ беради. Ишланманинг таркибий тузилиши шу қадар аъло даражадаки, уни қадоққа сурганингиздан сўнг 2 дақиқа ичида оёқ кийимни кийиб бемалол ишга киришиб кетиш мумкин.
Маҳсулотимиз ишлаб чиқарила бошлагандан сўнг турли кўргазмаларда қатнашдик. Бир компания лойиҳамизга харидор бўлди. Улар ҳам шу йўналишда маҳсулот ишлаб чиқарар экан, лекин айнан бизникидай таъсири самарали эмас. Инвестор сифатида бизга маблағ тикди, бироқ лойиҳа ҳали давом этаётгани учун биз таклифни вақтинча рад этдик.
2018 йилдан ижтимоий лойиҳаларга қизиқиб қолдим. Иккинчи мутахассисликда социология бўйича ўқияпман. Халқаро ташкилотларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, таълим, илм-фан бўйича лойиҳаларида мунтазам қатнашаман. Айни пайтда Жаҳон банки лойиҳасида маслаҳатчиман. Лойиҳамиз сув танқислиги муаммосини ҳал этишга қаратилган. Фарғона водийсида аҳоли билан ишлаб, аниқланган муаммоларга ечим таклиф қиламиз. Икки соҳа вакили сифатида одамларга кўмак кўрсата олганимдан ҳамиша қувонаман.
Яна бир йирик лойиҳамиз – “Анжир”. Репродуктив саломатлик, оила ва фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган, жинсий тарбияга оид лойиҳа. Шифокор, психологларимиз бор. Аноним тарзда хотин-қизларга бепул маслаҳат берамиз. Эътибор берсак, бизда кўпинча жинсий тарбияга уят сифатида қаралади. Кўплаб қизларимиз саволларига кимдан жавоб олишни билмайди. “Анжир” ёшларнинг савол ва мурожаатларини тинглайди ҳамда батафсил жавоб йўллайди. Бундан ташқари, аҳоли психологияси, гиёҳвандлик ва тамаки маҳсулотларига қарши курашиш каби масалаларга эътибор қаратамиз.
Бугун хотин-қизларга қаратилаётган эътибордан самарали фойдаланиш вақти. Рағбатлар бесамар кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозим.
Барнохон ОРТИҚХЎЖАЕВА,
“Шуҳрат” медали соҳиби