Ўша пайтларда, аввало, соҳа йўналишига бўлган молиявий муносабат етарли даражада эмасди. Яъни, геологиянинг қаттиқ маъданлар ёки углеводородли тури бўлсин, истиқболли майдонларни излаш, қидириш ишларига етарли даражада маблағ ажратилмасди. Умуман олганда, геология қидирув ишлари беш босқичдан иборат кетма-кетликда тизимли олиб бориладиган мураккаб жараён. Шунча босқичлардан муваффақиятли ўтигачгина, кон очилади. Афсуски, ана шу зуоқ жараёнлар учун нафақат сабр, балки маблағ ҳам етишмас эди.

Иккинчидан, дала шароити геология бурғилаш ускуналари, лаборатория жиҳозларини модернизация қилиш ишлари замон талабида амалга оширилмасди. Тўғри, мураккаб дала бурғилаш ишлари аллақачон хизмат вазифасини ўтаган ускуналар ёрдамида баҳоли қудрат олиб борилди. Геологларнинг катта авлоди томонидан ўтган асрнинг охирларида топилган конлар эвазига соҳа аранг ўз мавқеини жонкуяр, касбига сидқидилдан меҳр қўйган заҳматкаш геологлар, мухандис-техниклар, технологлар ҳисобига сақлаб қолинди. Бу эса, ўз навбатида, топилмаган конлар фонди камайишига, мавжуд саноат корхоналарининг стратегик режаларига ва янги саноат объектлари барпо бўлишига салбий таъсир кўрсатди.

Учинчи оғриқли нуқта — кадрлар масаласи. Геология соҳаси мутахассислари, кадрларини тайёрлаш паст суратларда олиб борилганига кўз юмиб бўлмайди. Яқин ўтмишга назар соладиган бўлсак, геологларнинг машаққатли меҳнати етарли даражада эъзозланмади, қадрланмади, эътибордан четда қолганди.

Президентимизнинг 2019 йил 23 июлдаги “Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 8 июндаги “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши соҳа йўналишида туб бурилиш ясади.

Айниқса, геологлар кунининг қайтарилиши ер қаъридаги бойликларни изловчилар қаддининг юксак бўлишига замин тайёрлади. Эндиликда улар ўзларининг расмий касб байрамига эга бўлдилар.

Геология соҳасининг минглаган мухандис, техник, илмий ва ишчи ходимлари қалбларини ифтиҳор ҳиссиётларига тўлдирган воқеа эса Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши бўлди. Бу ҳодисани ўттиз йиллик танаффусдан сўнг бўлган уйғониш ва юксак мақсадлар сари дадил қадам ташлашга қиёслаш мумкин.

Шубҳасиз, ер ости бойликлари геологияси ва қидирув соҳасини ривожлантириш, геология-қидирувга оид ишлаб чиқаришни кенгайтириш, минерал хом-ашё базасини яратиш ва мустаҳкамлаш, фойдали қазилма конлари очиш ва саноат йўсинида ўзлаштиришга топшириш, геология-қидирув ишларини амалга оширишда ва фойдали қазилмаларни қазиб олишда экологик жиҳатдан тоза илғор ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, соҳа учун чуқур билимга эга кадрлар тайёрлаш борасидаги фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларни янги-янги марраларга эришишга, дунё меҳваридан муносиб ўрин эгаллаётган Ватанимиз равнақини юксалтиришга, иқтисодий салоҳияти ошишга олиб келади.

Эндиликда геология, геофизика, гидрогеология, томография-геодезия тармоғининг юқори малакали геологлари ва муҳандис-техник ходимларига ҳамда илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг тажрибали мутахассислари меҳнатларининг қадри ва қийматини бўлади. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бўлган бу соҳада ёш ва малакали кадрлар юксак эътирофга лойиқ бўлишга интилади, билим ва салоҳиятини ошириб боради. Натижада соҳага янги тенденциялар, ёндашувлар кириб келади. Тармоқ ривожлангач, ўз-ўзидан иқтисодиёт ҳам анча тараққий топади. Янги истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилгач, аҳоли учун янги иш ўринлари ҳам яратилади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари, Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бу каби кенг миқёсдаги ишлар биз геологлар зиммасига юксак масъулиятни юклайди. Шуни қалбан ҳис қилган ҳолда ҳар бир ходим зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиши, фаолиятини танқидий баҳолаб, замон талабига мос илғор техника ва технологиялардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилиши лозим.

Анвар НУРХЎЖАЕВ,

Х.М.Абдуллаев номидаги

Геология ва геофизика институти директори