Кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида катта ўзгаришлар даври бўлмоқда. Буни биргина соҳага доир таълим тизими тубдан такомиллашаётгани мисолида кўриш мумкин.
Жисмоний тарбия ва спорт таълими ислоҳотлари ҳақида умумий мазмунда гапирадиган бўлсак, аввало, боғча ёшидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тизимига ўтилди. Бунда болаликдан соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан бошлаб, мактаб даврида ўғил-қизларимиз спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шароитлар яратилди. Мактабларда янги спорт заллари барпо этилиб, мавжудлари тубдан таъмирланди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Олий таълим тизими ҳам ислоҳ қилиниб, миллий ва олимпиада спорт турларига ихтисослашган спортчилар тайёрлаш бўйича халқаро стандартлар жорий этилди. Бунда асосий эътибор натижадорликка қаратилган бўлиб, республика ва халқаро миқёсда юксак натижаларга эришган спортчилар ва уларнинг мураббийларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди.
Бу каби ўзгаришлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Президентимизнинг жорий йил 28 июлдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори эса бу борадаги тизимли ислоҳотларни мақсадли давом эттириш, спорт тиббиёти соҳасида кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этиш орқали спортчиларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Бугун соҳага дахлдор ва мазкур қарор ижросидан манфаатдор профессор-ўқитувчи сифатида мазкур қарорнинг алоҳида муҳим жиҳатларига тўхталмоқчимиз.
Аввало, қарорнинг мақсади жуда муҳим ва долзарбдир. Яъни, спорт тиббиёти соҳасида кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш орқали спортчиларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида ечимини кутаётган масалалар соҳа мутахассисларини кўп йиллардан буён ўйлантириб келаётган эди.
Эндиликда бу борада бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга ошириладиган бўлди. Ва, энг муҳими, бу ишлар бевосита спорт таълим муассасалари ва миллий терма жамоалар билан узвий равишда йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун спорт шифокори ва спорт диетологи мутахассисларини тайёрлаш бўйича бош олий таълим муассасаси ҳисобланадиган Тошкент тиббиёт академиясида “Спорт шифокори” ва “Спорт диетологияси (овқатланиш илми)” бўйича магистратура мутахассисликлари жорий этилади. Тошкент фармацевтика институтида “Экспериментал ва спорт фармакологияси” магистратура мутахассислиги бўйича амалдаги ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси параметрлари икки баробар оширилади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузурида ташкил этилган тиббиёт факультетини янада кенгайтириш орқали уни Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиалига айлантириш, филиалда спорт тиббиёти ва бошқа тиббиёт мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда Чирчиқ шаҳридаги барча турдаги тиббиёт муассасаларини филиалга клиник-ўқув база сифатида бириктириш белгиланди.
Бу эса, ўз навбатида, спорт тиббиёти йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича илғор инновацион, илмий-услубий технологияларни жорий этиш, ўқув жараёнларини спорт-таълим муассасалари ва миллий терма жамоалар билан узвий боғлиқ ҳолда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун спорт тиббиёти йўналишини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланган. Хусусан, кадрлар тайёрлаш бўйича илғор инновацион, илмий-услубий технологияларни жорий этиш орқали ўқув жараёнини спорт-таълим муассасалари ва миллий терма жамоалар билан узвий боғлиқ ҳолда ташкил этиш, спорт тиббиёти йўналишида кадрлар тайёрлашда талабаларнинг амалий машғулот дарслари ҳамда амалиётини Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида ташкил этиш орқали дуал таълим тизимини ривожлантириш жуда муҳим.
Бунда хорижий мутахассислар (спорт шифокори, спорт диетологи, спорт физиологи, спорт фармакологи, спорт психологи) ни жалб қилган ҳолда спорт тиббиёти соҳасидаги ходимлар малакасини оширишни тизимли йўлга қўйишда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Қарорда спорт шифокори ва спорт диетологи мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш орқали спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Жойларда спортчиларнинг жисмоний ҳолати ва ривожланишини доимий назорат қилиб бориш, улардаги ўткир, сурункали касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш, спорт-таълим муассасалари, шунингдек, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида фаолият олиб бораётган тиббиёт мутахассислари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уларнинг профессионал фаолиятига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, спортчиларнинг касаллик ва жароҳатларини даволаш, уларга махсус ҳамда комплекс тезкор тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида тиббий-жисмоний тарбия диспансерлари вазифасини бажариш, спортчиларнинг касаллик тарихини ўзида акс эттирувчи ягона электрон ахборот тизимини яратиш, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда ихтисослаштирилган спорт-таълим муассасаларида тайёрланаётган профессионал спортчиларни бир йилда икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказиш ва тиббий мониторинг олиб бориш соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Биз юқорида спорт диетологияси, яъни овқатланиш илми ҳақида гапирдик. Аниқроғи, бу борада магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилишини айтдик. Бу қандай аҳамиятга эга?
Спорт соҳасида илғор давлатлар тажрибасидан ҳам маълумки, овқатланиш илми спортчи ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, унинг муваффақиятлари гарови сифатида қаралади. Лекин бизда яқин йилларгача бу тизим деярли ишламади. Ҳозиргача бу борада камчиликлар кузатилиб келар эди. Спортчини ўз вақтида витаминлар билан таъминлаш, уларнинг тўғри овқатланишига эътибор бериш уларнинг кайфияти ва жисмоний ҳолатига таъсир кўрасатиб, мусобақа чоғида ғолибликни таъминлайдиган асосий восита ҳисобланади. Бунинг учун эса илмли мутахассислар зарур бўлади. Шу маънода, мамлакатимизда спорт диетологларини тайёрлашнинг янги босқичи йўлга қўйилиши айни муддао бўлди.
Бир сўз билан айтганда, спорт-таълим муассасалари фаолияти ривожланишининг узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, уларда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароит яратиш борасида давлатимиз томонидан берилаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланиш айни кунда олдимизда турган долзарб вазифалар сирасидандир.
Аъзамжон МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети доценти