Бу ҳақда БМТ маълумотларига таяниб «Иқтисодий шарҳ» журналининг навбатдаги сонида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон сиёсатида табиатга дўст бўлган фаолият турларини ривожлантириш орқали экологияни яхшилаш ва иқлим ўзгаришларини барқарорлаштиришнинг муҳим омили сифатида ўрмонларни муҳофаза қилиш ва дарахтзорлар барпо қилиш ишларини кенгайтириш муҳим ўрин тутади.

БМТ маълумотларига кўра, ўтган аср ўрталаридан буён Марказий Осиёда ўрмонлар майдони 4-5 бараварга қисқарган. Саксовулзорлар ва тўқайлар энг кучли антропоген босимга учради.

Биргина Амударё атрофларида ўрмонлар майдони охирги ўн йилликларда 150 минг гектардан 22-23 минг гектаргача қисқарган. Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Маълумот учун, республика ўрмон фонди тоғ, тўқай (дарё бўйидаги) ва чўл ўрмонларидан ташкил топган бўлиб, улар мамлакат ҳудудининг 26,7 фоизи ёки 11 975,2 минг гектар майдонда жойлашган, шундан 3 235,7 минг гектар ҳудуд ўрмонлар билан қопланган.