Ёдингизда бўлса, бундан бир ярим йилча олдин “Ўзавтосаноат” АЖ бутун мамлакатда бошланган акция — “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссасини қўшишини эълон қилганди. Ўша пайтда “Ўзавтосаноат”нинг ушбу ташаббусини барча телеканаллар, сайтлар ва блогерлар реклама ҳуқуқи асосида кенг ёритганди. Мана, бўларкан-ку, дея оғизларидан бол томиб мақташганди.
Мазкур мақолалардаги маълумотларга ишониладиган бўлса, Айдаркўлнинг Арнасой тумани ҳудудидаги қирғоқларида 103 гектарда 60 мингдан ортиқ япон сафораси, катальпа, павловния, қарағай, чинор каби манзарали дарахт кўчатлари экилган. Бунинг учун тизим тасарруфидаги корхоналардан 1,5 мингдан ортиқ ходим жалб этилган. Лекин қанча маблағ ажратилгани ҳақида бирор манбадан расмий маълумот тополмадик.
Ўтган йил 12 май куни маҳаллий сайтлардан бирида бу боғ ҳақида реклама ҳуқуқи асосида эълон қилинган (ташаббускорлар рекламага ҳам катта пул сарфлашган чоғи) мақоладан иқтибос келтирамиз:
“Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида жойлашган сунъий ўрмон парки дам олиш кунларида маҳаллий аҳоли табиат қўйнида ҳордиқ оладиган жозибали туристик маскан бўлади. Кейинчалик парк ҳудуди ободонлаштирилган пляж, спорт майдончалари ва бошқа объектлар билан тўлдирилади, бу эса уни, шубҳасиз, фаол дам олиш учун машҳур масканга айлантириб, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш имконини беради. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик доирасида комплекснинг дам олиш инфратузилмасини яхшилаш учун қўшимча шароитлар яратилади”.
Кесатиқсиз, муболағасиз айтиш керакки, “Ўзавтосаноат”нинг ушбу эзгу мақсади ва саъй-ҳаракати ҳақиқатан ажойиб эди. Негаки, Арнасойга қилган сафаримиз давомида боғ барпо этиш учун бежиз Айдаркўл қирғоқлари танланмаганига амин бўлдик. Бу манзилга ташриф буюрганлар яхши билади – доимо тўлқинлари мавжланиб турадиган кўлнинг нариги қирғоғи уфққа туташган. Кишига гўё денгиз бўйида юргандек кайфият беради. Лекин шундай гўзал манзил атрофи чўлдан иборат. Қирғоқларидаги жулғунзорларни ҳисобга олмаганда соялаш учун на дарахт бор, на бирор қўналға бор. Экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай манзил. Шу нуқтаи назардан, ушбу лойиҳа ростдан ҳам олқишларга арзирди.
Бироқ шунча меҳнат, сарфланган маблағ бугун ҳавога учди. Сиз суратларда кўриб турган кўчатлар бугун қуриб, боғ яна яйдоқ саҳрога айланган. Қуриган кўчатларни кўриб, ҳафсалангиз пир бўлади.
— Бу ерда бошланган ишларни кўриб, бошида роса қувонгандим, — дейди сайёҳларга хизмат кўрсатувчи “Абубакир полвон” МЧЖ вакили Эркин Сатторов. — 103 гектар ҳудуд сим тўр билан ўраб чиқилди. Боғни чорвадан ҳимоялаш мақсадида 24 соатли кузатув жорий қилинди. Айдаркўлдан сув тортиб келишга киришилди. Мутахассисларнинг гап-сўзларидан билдикки, кўл суви фильтрланиб, кўчат суғоришга йўналтирилади. Бунинг учун иккита ҳовуз қазилди. Кўлдан қувур тортилди. Кўчат ораларига қувурлар ташланди. Негадир сув тозалаш иншооти қурилиши кутилмаганда тақа-тақ тўхтаб қолди. Дастлаб 2 та машина 20 километрдан сув ташиб, дарахтларни суғориб турди. Шунча меҳнат увол бўлмасин, деб мен ҳам суғориш ишларига кўмаклашдим. Лекин кўп ўтмай бу машиналар келмай қўйди. Ойлик маош тўлашмагани боис, қоровуллар ҳам кетишди. Мана, кўриб турганингиздек, қаровсизлик сабаб баҳорда яшнаб турган боғ қуриб қолди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига кўра, республикамиз бўйлаб йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш режа қилинган. Ҳақиқатан ҳам, сўнгги икки йилда бу борада катта ишлар амалга оширилди. Йўллар бўйларида, шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар яратилди. Кўп қаватли уйлар атрофидан тортиб дала четларигача бўлган қаровсиз жой борки, дарахт кўчатлари ўтқазилди. Сўнгги икки йил давомида ҳар бир вилоятда, статистик маълумотларнинг тасдиқлашича, 15-16 миллион тупдан кўчат экилди. Бу бўйича эълон қилинган зарбдор 40 кунликда барча ташкилотлар, 7 ёшдан 70 ёшгача ёшу қари иштирок этди, эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Президентимиз мазкур лойиҳа ижроси бўйича ўтказган ҳар бир видеоселектр йиғилишида мутасаддиларга, маҳаллий ҳокимликларга аниқ чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берганди.
Хусусан, дарахтларни экиш ва парваришлаш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлиллар қилиш ҳамда ҳудудлар кесимида республика харитасини ишлаб чиқиш, хориждан келтирилган манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир дарахтни парваришлаш учун масъул шахсларни белгилаш ва бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш каби вазифалар шулар жумласидандир.
Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси берган маълумотларга эътибор қаратамиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг баҳор мавсумида вилоят ҳудудида 10 миллион 57 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчати экилган. “Яшил макон” электрон платформасига киритилган 10 миллион 57 минг туп дарахт ва бута кўчати парваришлаш ҳар бир корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари ва масъул шахсларига далолатнома асосида бириктириб берилган...”.
Кўриб турганингиздек, бошқарма жуда чиройли статистик маълумот тақдим этган. Рақамларда акс этаётган ишлар кўламини тасаввурга сиғдириш мушкул.
Афсуски, хизмат сафаримиз давомида бу лойиҳа доирасида жойларда қилинган ишларнинг барчасини кўришга имконимиз бўлмади. Жиззах шаҳри марказидан Айдаркўлгача бўлган масофа қарийб 100 километрни ташкил қилади. Йўл-йўлакай катта йўл бўйида экилган кўчатларнинг ҳолатига қизиқиб кузатиб кетдик. Жумладан, Дўстлик тумани прокуратураси, Давлат хизматлари маркази ва тумандаги ихтисослаштирилган мактаб рўпарасига экилган кўчатлар сувсизликдан қуриб-қақшаб ётибди. Яна денг, бу туман марказидаги ҳолат. Ёки Дўстлик туманидан Арнасой туманига кета-кетгунча 10 километрлаб йўл бўйларига экилган кўчатлар нобуд бўлган. (Манзаранинг суратлари таҳририятда мавжуд). Бошқармадагилар бу ҳудудларга масъул мутасаддиларга энг кам иш ҳақининг ўн баробаригача жарима қўлланилгани ҳақида айтишди. Лекин жарима қўллаш ёхуд жазолаш билан йўлларимиз четлари, умуман, биз яшаётган манзиллар яшиллашиб, кўркамлашиб қолмаслиги аниқ. Бунинг учун қанча маблағ, қанча меҳнат йўққа чиққани хусусида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Шу ўринда хориж тажрибаси хусусида икки оғиз гапириб ўтсак. Европа шаҳарларида катта йўлларнинг бўйларини қўя туринг, кўп қаватли бинолар атрофлари ҳам яшилликка, гулу бўстонга айлантирилгани гувоҳи бўласиз. Ҳар бирида қишин-ёзин турфа гуллар-у, бири бирини такрорламайдиган манзараларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бир сафар таржимондан сўраганимда, бу иш билан ландшафт дизайн яратувчи компаниялар шуғулланишини, улар уйингиз атрофию ташқарисини сиз танлаган кўринишда яшилликка буркаб беришини айтган эди.
Демоқчимизки, кўп йиллик аччиқ тажрибамиздан маълумки, ҳашар йўли билан амалга оширилган иш, хоҳ у ихтиёрий, хоҳ у мажбурий бўлсин, мақсадимиз қанчалик эзгу бўлмасин, алал-оқибат юқоридагидек ҳолатга олиб келаверади. Ҳамма масъул этиб белгиланган иш охир-оқибат сансалорликка сабаб бўлаверади.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилганидек, соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, жазоловчи ва рағбатлантирувчи механизмларни жадал татбиқ этиш лозим. Қолаверса, тизимга хусусий тадбиркорларни жалб этиш, манфаатдорликни ошириш лозим. Бунинг учун бюджетдан кўп пул кетади, дейишингиз мумкин. Лекин ҳозир ҳам бунинг учун чакана маблағ ҳавога учаётгани йўқ. Ҳарқалай, дунё тажрибаси шундай. Биз ҳам эришаётган муваффақиятсизликларимиздан сабоқ олишимиз ва оқилона ечимлар ҳақида ўйлашимиз керак бўлган вақт эса аллақачон келган.
Юнус БЎРОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири