Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (ЎзДЖТСУ) жамоаси ҳам қарорда белгиланган вазифаларни бажаришга киришган.
Бу ҳақда ЎзДЖТСУ Бокс, қиличбозлик назарияси ва услубияти кафедраси доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ғуломжон РАЖАБОВ қуйидагиларни гапириб берди:
– Бу қарор соҳа мутахассислари ва боксчиларнинг кўп йиллардан буён кутган орзу-ниятларини рўёбга чиқармоқда.
Ҳеч шубҳасиз, бугун бокс мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларнинг энг севимли спорт турларидан бирига айланган. Боксчиларимиз жаҳон рингларида 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган нуфузли мусобақаларнинг деярли барчасида зафар қозониб, етакчиликни қўлдан бермай келяпти.
Халқаро бокс майдонида спортчиларимиз эгаллаган бундай юқори рейтинг эса ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш тизимини янада такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёда етакчилигини сақлаб қолиш учун катта йўл очди. Бу йўлда Президент қарори ғоят муҳим аҳамият касб этиб, унинг ижросини тўлақонли таъминлаш бўйича ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, ЎзДЖТСУнинг Бокс, қиличбозлик назарияси ва услубияти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан “Бокс алифбоси” номли базавий тайёргарлик элементларини ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, умумтаълим мактаблари жисмоний тарбия фанининг йиллик дастурига қўшимчалар киритиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Мақсад бокснинг оммавийлигини оширишга қаратилган бўлиб, ундан асосан боксга йўналтирувчи, ўсмир ва ёшларнинг спорт турига бўлган қизиқишини орттирувчи бокс элементлари жой олган.
“Бокс алифбоси” дастуридан жой олган барча базавий элементлар ҳеч қандай харажат талаб қилмайди ва машғулотлар бокс учун талаб қилинадиган жиҳозларсиз ўтказилиши деярли барча таълим муассасасида қўллаш имкониятини оширади.
Иқдидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш
Бу бўйича Президент қарорида қуйидаги уч босқичли тизим жорий этиш бўйича вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Жумладан, биринчи босқичда таълим муассасалари, болалар-ўсмирлар спорт мактабларидан сараланган спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари, иккинчи босқичда боксга ихтисослашган спорт мактаблари, таълим муассасалари ва спорт клубларидан сараланган спортчилар ўртасида ҳудудий мусобақалар, учинчи босқичда клублараро ҳамда худудий ўқув-машғулот йиғинлари ғолиблари ва совриндорлари ўртасида республика мусобақалари (“World Series Boxing” мисолида) ўтказиш.
Бунда мусобақалар натижалари асосида бокс мактабларини иқтидорли спортчилар билан тўлдириб бориш Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Бокс федерацияси томонидан биргаликда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Юқорида кўрсатилган уч босқичли мусобақаларда одилона саралаш тизимини жорий қилиш мақсадида “Холис ҳакам” гуруҳларини йўлга қўйиш мақсадга муофиқ бўлади. “Холис ҳакам” гуруҳларининг асосий мақсади спортчиларни саралашнинг объектив йўлларини ишлаб чиқишдан иборат.
Бунда “Холис ҳакам”лар асосан бокс спорт тури бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижалар кўрсатган спортчилар орасидан саралаб олинади, улар асосий ҳакамлардан ташқари ҳисобланиб, алоҳида жанг боришини холис баҳолаб боради ва жанг якунида берилган баҳолар таққосланади ҳамда якуний баҳо берилади.
Профессионал спортчилар тайёрлашнинг янги тизими
Университетимизнинг Бокс, қиличбозлик назарияси ва услубияти кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан бокс бўйича профессионал мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, илмий-методологик базани янада кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тузиб чиқилди.
Бу жараёнда бокс бўйича профессионал мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш фан дастури ва фаннинг ишчи дастурларига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар, бокс мутахассисларини тайёрлаш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, илмий-методологик базани янада кучайтириш юзасидан қатъий изчилликда ривожлантириш истиқболли режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, аёллар боксини ривожлантириш юзасидан кафедра мустақил изланувчилари томонидан аёллар бокси муаммолари юзасидан педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси мавзулари Олий аттестация комиссия томонидан тасдиқланди.
Бир сўз билан айтганда, Президент қарори ижросини сўзсиз таъминласак, ўзбек боксининг имконият эшиклари янада кенг очилади ва янада салмоқли ютуқларга эришамиз.