Мулоқотнинг асосий мавзуси Латвияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларининг савдосини йўлга қўйиш ҳамда Латвия инвесторларини мамлакатимизга фаол жалб этиш бўлди. Икки томонлама ҳамкорликнинг навбатдаги раундида миллий маҳсулотларимизни қисқа фурсатда Латвия бозори орқали ЕИ бозорига олиб кириш масаласининг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Бу борада Ўзбекистоннинг GSP+ преференциялар тизимидан самарали фойдаланиши билан боғлиқ имкониятлари кўриб чиқилди.

«Trade House Uzbekistan» компанияси раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон учун Латвияда йирик шоу-рум ташкил этилганлиги ва шу кунга қадар ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилганлигини қайд этиб, навбатдаги босқичда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жойлаштириш ишлари бошланишини такидлади.Учрашувда томонлар маҳсулотлар намуналарини жойлаштириш, маҳсулот турлари ва етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама этиб олди. Шунингдек, Латвияда улгуржи савдоларни йўлга қўйиш бўйича ташкилий жиҳатларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.

Музокаралар чоғида Латвия компанияларини Ўзбекистонга сармоя киритиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда фикр алмашилди. Мулоқот сўнгида ЕИ жумладан, Латвияга маҳсулот етказиб берувчи маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказилиши ва намуналарни Латвиядаги шоу-румга жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.