Фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимов ҳам умри давомида ана шу ақидага амал қилиб, мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ давлатчилигимизнинг қарор топишида сидқидилдан, ҳалол ва виждонли меҳнат қилиб қатор масъул лавозимларда ишлаб, Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи устозларимиздан бири.

Саидмухтор Саидқосимовни халқимиз, узоқ ва яқин қардошларимиз, дунёнинг таниқли зиёлилари, сиёсий арбоблари ҳам том маънода етук давлат ва жамоат арбоби, моҳир дипломат, сиёсатшунос, файласуф олим сифатида яхши билишади ва серқирра фаолиятини юқори баҳолашади.

“Янги китоб” нашриётида эл-юрт эъзозидаги муҳтарам устозимиз ҳақида “Давлат арбоби. Дипломат. Устоз” деб номланган китоб нашр этилди. Ушбу тўпламда унинг жамиятимиз тараққиётига, маънавият, илм ва маърифат оламига бахшида бўлган серқирра фаолияти ҳақида замондошлар, дўстлар, ҳамкасблар ва шогирдларнинг дил изҳорлари ўрин олган.

“У нафақат моҳир педагог, доно раҳбар ва йирик ташкилотчи, айни пайтда етук олим ҳамдир, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраев. –  Ўтган йиллар давомида у ўнлаб шогирдларнинг докторлик ва номзодлик диссертацияларига раҳбарлик қилди, кўплаб китоблар, монографиялар, дарсликлар ва қўлланмалар яратди. Айниқса, 1996 йилда олимнинг илмий раҳбарлиги ва таҳрири остида нашр қилинган “Амир темур жаҳон тарихида” номли бой иллюстрацияли фундаментал академик асарни алоҳида тилга олиш зарур. Бу асар чет давлатлардаги йирик илмий марказларда катта эътироф билан қабул қилиниб, инглиз ва француз тилларда Парижда ҳам босиб чиқарилди.”

   

Шунингдек, мазкур китобда Саидмухтор Саидқосимовнинг ўзбек дипломатияси ривожидаги муҳим ташаббуслари ва эзгу ишлари борасидаги мулоҳазаларга ҳам кенг ўрин берилган. Жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори, сиёсий фанлар доктори Эътибор Султонова шундай дейди: “Айни пайтда Саидмухтор ака ташаббуси билан университетимиз негизида республикадаги раҳбар кадрларни мустақил давлатнинг янги талаблари асосида қайта тайёрлаш мақсадида Малака ошириш институти ҳам иш бошлади. Бу, албатта, ташкилий нуқтаи назардан жуда керакли, фойдали лойиҳа эди. Уни амалга ошириш юксак масъулият ва тинимсиз меҳнатни талаб этарди. Устоз шу каби қатор мураккаб лойиҳаларни муваффақият билан уддалай олганлиги, ва пировард натижада ўзининг дипломатик мактабини яратганлигининг биз гувоҳимиз”.

Китобни варақлар экансиз, она Ватанимиз тараққиётининг мураккаб ва машаққатли босқичларида фидойилик билан хизмат қилган таниқли давлат арбобининг, Ўзбекистон шарафи учун курашган дипломатнинг, шогирдларига эл-юртга муносиб фарзанд бўлиш борасида сабоқ берган устознинг ибрат мактабидан баҳраманд бўласиз.

Мазкур тўплам  профессор Қодир Жўраевнинг масъул муҳаррирлигида чоп этилган. Бадиий муҳаррир – профессор Шуҳрат Ғойибназаров.   

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА, 

"Янги Ўзбекистон" мухбири