Бир неча кундирки, ўзбекистонликлар футбол завқи билан яшамоқда, футбол билан нафас олмоқда. Юртимизда Осиё кубоги U-20 мусобақалари бўлиб ўтди.
Буни кеча пойтахтимизнинг “Бунёдкор” стадионига йиғилган ўн минглаб, телевизорлар қаршисида ўтирган миллионлаб футбол ихлосмандларининг олқишлари-ю ёш футболчиларнинг юзу кўзларидаги ғалаба нашидасида янада теранроқ ҳис қилиб, англагандай бўлдик. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги футболчиларимиз турнирнинг финалида ироқликларни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мамлакатимиз футбол ишқибозлари қалбига олам-олам қувонч улашди.
Халқимизнинг шодлиги, ёш футболчиларнинг шавқи, мухлисларнинг хурсандчилигига йўғрилган шодумон овозлари жаннатмонанд она диёримизни, балки бутун оламни қамраб олгандай таассурот уйғотди. Байроғимиз ҳилпираб, мадҳиямиз янграб турган бугунги кун, аслида, барчамиз учун ҳақиқий байрам бўлди.
Баҳсни Президент Шавкат Мирзиёев бевосита стадиондан кузатди. Бу эса ёшларимизга қўшимча руҳ, куч берди. Ғайратларига ғайрат қўшди. Ғалабадан сўнг давлатимиз раҳбари терма жамоамизни тақдирлаш маросимида иштирок этди ва бош соврин — Осиё кубогини топширди.
Турнирда Осиё қитъасининг энг зўр жамоалари иштирок этди. Аслида, бундай мусобақаларда кучсиз жамоалар бўлмайди.
Турнир низомига кўра, ярим финалга чиққан жамоалар шу йил 20 майдан 11 июнгача Индонезияда ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Футболчиларимиз бу вазифани ортиғи билан уддалади. Улар дастлаб гуруҳда Сурия ва Ироқни мағлуб этиб, Индонезия билан дуранг ўйнади. Чорак финалда Австралия билан баҳсда ғолиб келди. Ярим финалда эса Осиё футболидаги асосий ва энг қийин рақибимиз Жанубий Корея термаси ёшларимиз шиддати олдида ожиз қолганини тан олди.
Тарихий ғалабадан сўнг ижодий жамоамиз ёшлар терма жамоаси аъзоларининг фикрлари билан қизиқди:
— Жуда қийин ўйин бўлди. Халқимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ғалаба қозондик. Кайфиятимиз аъло даражада. Бу жойга қадар жуда узоқ йўл босдик. Одамлар билан лиқ тўла стадионда бизни қўллаб турган мухлисларимизнинг меҳрини қалбан ҳис қилиб турдик. Билдирилган ишонч ва чексиз олқишлар учун катта раҳмат, — дейди кўзларида самимият балқиб турган ёш дарвозабон Отабек Боймуродов.
Отабек Боймуродов Ўзбекистон Ёшлар терма жамоасининг ишончли қалқони. У ярим финалда учта пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. Шундай бўлса-да, камтарлик билан, “Бу менинг эмас, ҳимоячиларимиз меҳнати, аслида, уларга раҳмат. Кўп нарса ҳимоячиларга боғлиқ, улар жуда ажойиб ҳаракат қилди”, дейди.
— Жамоамиз жаҳоннинг шу каби йирик мусобақаларида муваффақиятли тўп суриши ва жаҳон чемпионатига чиқиши сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг истиқболли самарасидир. Биз бу финалга катта машаққат билан етиб келган бўлсак-да, қувончли кунларнинг шукуҳли дамлари, дилкаш лаҳзалари кўнглимизга ором бағишламоқда. Бизни қўллаб-қувватлаб турган халқимиз ва футбол шинавандаларига чексиз миннатдорлик билдираман. Бу муҳим баҳсларда халқимиз кутган юксак ишончни оқладик. Албатта, учрашувларга алоҳида режа бўйича тайёргарлик олиб бордик. Чунки бу каби мусобақалар ва финал учрашувларида илгари ҳам қатнашганмиз. Мухлислар бизга қўшимча куч бағишлади. Футболда гол киритиш энг муҳим ва қийин жараён ҳисобланади. Тўғрисини тан олиб айтадиган бўлсам, ҳали ўзимизга яраша камчиликларимиз бор. Бироқ олдимизда жаҳон чемпионати турибди. Барча вазиятларни қайта бошдан кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз ва албатта, ўз устимизда янада шижоат билан ишлаймиз, — дейди терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров.
— Халқимиз ва мухлислар кутган ҳал қилувчи ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Катта масъулият ва иштиёқ билан майдонга тушиб, боримизни, бутун борлиғимизни бериб ҳаракат қилдик, — дейди жамоа сардори Умарали Раҳмоналиев. — Ушбу ғалаба учун ота-онамиз, устозларимизга катта раҳмат айтмоқчиман.
Миллионлаб футбол ишқибозларининг олқишлари, дуолари остида ўтган учрашувда “Бунёдкор” стадиони ўзбекнинг ғурур майдонига айлангандай бўлди.
Интилиш ва изланиш меҳнатнинг юзага чиқишига замин тайёрлайди. Зеро, ҳамма нарса хоҳиш, ирода ва интилишга боғлиқ. Мақоламизни мухтасар қилар эканмиз, Ўзбекистонни дунёга танитаётган ёш футболчилар ва мураббийларни ҳамда халқимизни чин қалбдан табриклаймиз. Биз ўзбекнинг бек ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз ва раҳматлар айтамиз!
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири