Ўзбек жанг санъати федерацияси хабарига кўра, ҳар икки йилда Жанубий Кореяда ЮНЕСКО тизимида бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали ташкил этиб келинади. Анъанавий тарзда ўтадиган мазкур спорт анжуманида дунёнинг бир қатор яккакураш турлари, миллий спортлари намойиш этилади.
Мазкур фестивалда бир неча йилдан бери Ўзбек жанг санъати федерацияси спортчилари қатнашиб, халқимизнинг бой анъаналари ва қадриятларини жамлаган жангавор усулларни тарғиб этиб келмоқда. 50 дан ошиқ давлат вакиллари иштирокидаги фестивал жараёнида WOMAOнинг навбатдаги конгресси ўтказилди. Унда овоз бериш йўли билан ташкилотнинг икки нафар вице-президенти сайланди.
Ушбу лавозимга даъвогар бўлган Эрон, Жанубий Корея, Ҳиндистон вакилларидан энг кўп овоз олган ҳамюртимиз, Ўзбек жанг санъати федерацияси раҳбари Пўлат Усмонов кейинги икки йил муддатга WOMAO вице-президенти этиб сайланди.
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, юзлаб донгдор яккакураш усталарининг мураббийи, Ўзбек жанг санъти асосчиси П.Усмонов ЮНЕСКО тизимидаги мазкур халқаро спорт ташкилоти раҳбарлигига учинчи бор сайланиши.
Эслатиб ўтамиз, ҳар икки йилда ўтадиган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивалининг 2017 йилги баҳсларида Ўзбек жанг санъати терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 50 дан зиёд жамоалар орасида 1-ўринни эгаллаганди.
Фестивал мусобақалари бугун, 21 ноябрь куни якунланади.