Лавҳада Ўзбекистон мазкур биенналеда Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб иштирок этаётгани алоҳида таъкидланган. Ташкилотчилар ўзбек маҳалласи ҳақидаги бетакрор павильон олти ой давомида кенг хорижий жамоатчилик вакиллари ва экспертлар эътиборини ўзбек миллий турмуш тарзи ва анъаналарига жалб этишини кутмоқда.

«Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» деб номланган Ўзбекистон кўргазмаси 20 май куни очилди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева ҳамда мамлакатимиз маданият соҳаси вакиллари иштирок этди.

Кўргазмани тайёрлашда маҳаллий ва хорижлик усталар, шунингдек, ёшлар жалб этилди.

«Euronews»да таъкидланишича,  Венеция биенналеси президенти Роберто Чикутто бу йилги кўргазмада Ўзбекистоннинг иштирокидан хурсандлигини яшира олмади.

- Бугунги кун ва келажакни қуриш жарайнида ўтмишдаги анъаналарга суянишни кучли ёндашув, деб ҳисоблайман, - деди у. - Лойиҳа жуда чиройли, ушбу турдаги архитектура инсон тафаккури билан бунёд этилган. Бу, албатта, ўзбек жамиятининг турмуш тарзининг ўзига хос бўлган айрим жиҳатлари ҳақида бизга маълумот беради. Лойиҳа ҳозирги вақт нуқтаи назаридан ва биеннале мақсадлари нуқтаи назаридан жуда ҳам долзарб, деб ҳисоблайман.

Маълум қилинишича,  Венеция 17-биенналесида 46 мамлакат иштирок этмоқда.

Биеннале 21 ноябргача давом этади.