У санъат соҳасидаги кўп йиллик серқирра ижодий фаолияти билан эл-юрт назарига тушган, республикамизда таниқли, халқимиз суйган хонанда эди.  Устоз асл санъат дурдоналаридан “Чоргоҳ”, “Талқини Рост”, “Катта сувора”, “Чапандози сувора”, “Бозиргоний”, “Қаро кўзим”, “Насруллойи”, “Махсус”, “Феруз-1”, “Феруз-II”, “Оразибон” каби кўплаб мақом ҳамда мумтоз ашулаларни ўзгача меҳр ва ихлос, юксак маҳорат билан меъёрига етказиб юқори савияда ижро қилган эди.

Раҳматжон Қурбонов ижодий фаолияти давомида қардош қорақалпоқ, озарбайжон, туркман, турк, тожик халқ қўшиқларини ҳам зўр иштиёқ билан куйлади ва кўпчиликнинг меҳрини қозонди. 
Устоз санъаткор ўз ижоди билан нафақат санъатимиз ривожига, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ишига ҳам ҳисса қўшди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг  “Меҳнат шуҳрати” ордени билан ҳам тақдирланди.  

Р.Қурбонов кўп йиллар Ўзбекистон давлат филармонияси “Лазги” ашула ва рақс ансамбли раҳбари лавозимида меҳнат қилди ва ушбу ансамбль фаолиятини самарали бошқарди.  Япония, Хитой, Малайзия, Германия, Франция, Англия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия каби ўнлаб хорижий давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек халқи санъати, миллий қадриятларини жаҳонга тарғиб қилишга мушарраф бўлди.

Хоразм вилояти филармонияси директори, беназир устоз, Хоразм санъати устунларидан бири Раҳматжон Қурбоновнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз! 

Озодбек Назарбеков,

Маданият вазири