Грузия томони илтимоси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмаси асосида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва соҳа ташкилотлари мутасаддиларидан иборат делегация жорий йил 6 август куни Грузия Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот марказида бўлди.

Марказ директори проф. Леван Уджмаджуридзе, проф. Наргиз Барамидзе ва бошқа олимлар, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги масъул ходимлари билан Грузияда ипакчилик тармоғини ривожлантириш, жумладан, ипак қурти уруғчилиги, тутчилик ва пиллачиликда илмий изланишлар олиб боришда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси амалий кўмак бериши масалалари муҳокама қилиниб, келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Грузия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази мутасаддилари ҳамда етук олимлари Ўзбекистонга келиб, мамлакат ипакчилик тармоғида олиб борилаётган ислоҳотлар, қонунчилик асослари, эришилаётган натижалар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашувини бевосита ўрганиб кетишганди.

Шу кунларда Ўзбекистон делегациясининг Грузиядаги амалий ташрифи давом этяпти ва бир қатор манфаатли лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда.

Манба: “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси
Матбуот хизмати