Унда республикамиздаги 120 та олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси вакиллари, олимлар иштирок этди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази директори ўринбосари Фаррух Аминов ҳамда Springer Nature компаниясининг Марказий Осиёдаги вакили Ирина Александрова сўзга чиқди.

— Ўзбекистон Республикасининг илмий-инновацион салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, мамлакатимизда олиб борилаётган тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро илмий нашрларда ўзбек муаллифлари томонидан чоп этиладиган мақолаларнинг сони ва сифатини ошириш масалалари алоҳида аҳамиятга эга, — деди Илмий-техник ахборот маркази директори ўринбосари Фаррух Аминов.

Вебинар давомида И.Александрова илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва етакчи илмий маълумотлар базаларида маҳаллий олимлар томонидан чоп этиладиган мақолалар сифати ва миқдорини ошириш мавзуларида сўз юритди. Бундан ташқари, вебинар давомида олимларнинг илмий тадққотларида учрайдиган ҳатоликлар ва муаммолар тўғрисида фикр алмашилди. Семинар сўнгида Ўзбекистон вакиллари Springer Nature компанияси вакилига ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мурожат қилди.

Маълумот учун айтиш керакки, Springer Nature дунёдаги энг йирик илмий нашриётлардан бири ҳисобланади. Дунёнинг етакчи олимлари ва Нобель мукофоти лауреатлари ўз илмий ишларини мазкур нашриёт журналларида чоп эттиради. Springer Nature нашриёти айни пайтгача халқаро рейтингга кирган 3,5 мингдан ортиқ илмий журнал, 250 мингдан ортиқ илмий китоб, 50 мингдан ортиқ протокол чоп этди. Барча тармоқ ва йўналишлар бўйича дунёдаги энг йирик маълумотлар базасига эгалик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Springer Nature компанияси ўртасида имзоланган шартномага биноан, 2021 йил 1 январдан республикамиздаги 105 та илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаси Springer Nature компаниясининг электрон ресурсларидан бепул фойдаланиши мумкин.