Тадқиқот натижалари нуфузли “Chemical Engineering Journal” халқаро илмий журналида эълон қилиниб, жаҳон илмий жамоатчилиги томонидан эътироф этилди.

Маълум қилинишича, ишлаб чиқилган гидрогел юқори ёпишувчанлик, эластиклик, антибактериал ва антиоксидант хусусиятларга эга. У ярани ташқи омиллардан ҳимоя қилиб, яллиғланиш жараёнларини камайтиради ҳамда тўқималар регенерациясини тезлаштиради. Гидрогел таркибида поливинил спирт, мидия мусини, темир ионлари ва артемизинин қўлланилган бўлиб, икки тармоқли тузилиши унинг механик мустаҳкамлигини таъминлайди.

Тажриба натижалари гидрогел бактерияларга қарши юқори самарадорликка эга эканини, оксидловчи стрессни пасайтириш ва яра битишини рағбатлантиришини кўрсатган. Бу эса инфекцияланган яраларда соғайиш муддатини қисқартириш имконини беради.

Техника фанлари доктори, профессор Ҳайдар Юнусовнинг таъкидлашича, мазкур гидрогел анъанавий боғламалардан фарқли равишда фақат ярани ёпиш билан чекланмай, бир вақтнинг ўзида бактерияларга қарши таъсир кўрсатади, яллиғланишни назорат қилади ва тўқималар учун қулай нам муҳит яратади. Шунингдек, у нам муҳитда ҳам терига мустаҳкам ёпишиши, биомувофиқлиги ва хавфсизлиги билан ажралиб туради.

Мутахассислар ушбу инновацион ишланмани тиббиёт амалиёти учун истиқболли ечим сифатида баҳоламоқда. Қайд этилишича, бундай ишланмалар миллий илм-фан салоҳиятининг юксалаётганини яққол намоён этади.