«Win and Win» компанияси билан тузилган шартномага мувофиқ полизчилик маҳсулотларининг 20 тоннадан иборат дастлабки партияси 31 августда Ди Лиер шаҳридаги омборхонага етказилди. Эндиликда қовунлар Роттердам шаҳри ва унинг яқин атрофидаги дўконларга тарқатилади.

«Win and Win» компанияси раҳбари Мехмет Масмаса таъкидлаганидек, Нидерландия Ўзбекистонда тайёрланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун истиқболли бозор ҳисобланади. Мамлакатда, шунингдек, ҳўл ва қуритилган мевалар, айниқса, узум ва ёнғоқларга талаб катта. Голландия бозори ўрганиб чиқилганида Ўзбекистоннинг полиз маҳсулотларига, айниқса ширин-шакар қовунларига талаб юқори эканлиги маълум бўлди.

Буюртмачи маҳсулотнинг сифати билан бирга унинг упаковка, сертификатлаш ва саралаш масалаларида Европа стандартларига мос эканлигини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, экспортни ташкиллаштиришда Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси вакиллари катта ёрдам бердилар. Улар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга потенциал харидорлар топишда, ҳамда улар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатишда энг ишончли ҳамкор ҳисобланади.