Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида хорижий ва мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижий давлат фуқароси бўлган бакалавр босқичи талабалари ўртасида илк маротаба Халқаро фан олимпиадаси ўтказилмоқда. 

Бу йилги Халқаро олимпиадага 10 га яқин давлатдан 45 нафар чет эллик талабгордан аризалар келиб тушгани қувонарли, албатта. Жумладан, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Япониядаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ва ўзбек тилини ўрганаётган талабалар иштирок этмоқда.

Уларнинг билим, кўникма ва малакалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. 

Ҳакамлар ҳайъатига ўзбек тили ва адабиёти бўйича чет эллик тажрибали мутахассислар жалб қилинган. Хусусан, Азизуллоҳ Аррол (АҚШ), Шафиқа Ёрқин (Швеция), Ҳусайн Каба (Туркия), Алмаз Улви Биннатова (Озарбайжон), Тўрали Қидир (Қозоғистон), Даря Жигулская (Россия). Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўзбекистонлик етакчи олимлар ҳам ҳайъат таркибидан жой олган.

Унинг ғолиблари 2 тур натижалари бўйича аниқланади: 

1-тур – ёзма ижодий иш тайёрлаш (энг юқори балл – 50 балл. Топшириқни бажариш учун 1 соат вақт ажратилади).

2-тур – оғзаки суҳбат (ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган мавзулар бўйича савол-жавоб тарзда оғзаки ўтказилади. Топшириққа тайёрланиш учун ҳар бир талабгорга 20 дақиқа ажратилади. Энг юқори балл – 50 балл).

Мазкур олимпиада нафақат тилимиз, балки маданиятимиз, миллий қадриятларимизнинг ҳам хорижий давлатларда кенг ёйилишига хизмат қилади.