Ўзбек ва озарбайжон тарихан бир-бирига яқин, қон-қардош халқлар. Каспий денгизи боғлаб турган бу икки халқнинг маънавияти, маданияти, адабиёти ҳам бир-бириникига ўхшаш. Икки миллат қалбларини бир-бирига яқинлаштиришда ҳам озарбайжон ҳам ўзбекнинг бирдек фарзандига айланган Мақсуд Шайхзоданинг ҳиссаси катта. Шу маънода ҳам юртбошимиз ташаббуси билан Тошкент Давлат транспорт университетига Мақсуд Шайхзоданинг ҳаёт ва ижод йўлини чуқур ўрганиб, кенг тадбиқ этиш вазифаси топширилди. Билдирилган ишончга жавобан университет жамоаси томонидан Шайхзоданинг ҳаёт йўли, ёзма меросини илмий тадқиқ этиш, унинг ижоди ва асарларини ўқув жараёнига татбиқ қилиш, адиб ижоди, эзгу ғоялари тарғиботини оммавий ахборот воситалари, электрон платформаларда Мақсуд Шайхзода амалга ошириш сингари тўрт асосий йўналишни ўзида қамраб олган «йўл харитаси» тузилди. Унга кўра, университет ҳузурида Халқаро шайхзодашунослар кенгаши тузилиб, унинг низоми ишлаб чиқилди. Ушбу Кенгаш шоир ижоди бўйича яратилган илмий тадқиқот ишлари ҳамда нашр этилган асарларининг электрон базасини шакллантириш, келгусида «Шайхзода қомуси»ни яратиш, келгусида Шайхзода асарларида сингдирилган ғоялар ва ҳикматли сўзлари жамланган кўп тилли «Шайхзода ҳикматлари» китоби ҳамда фаолияти ва меросига бағишланган илмий тўплам чоп эттириш, адибнинг мукаммал илмий библиографиясини яратиш каби ўнлаб вазифаларни белгилаб олган. Шу билан бирга университет профессор-ўқитувчилари томонидан шоир ҳаёти ва ижоди бўйича яратилган веб сайт фаолият олиб боряпти. Шунингдек, «Йўл харитаси»да адибнинг туғилган куни муносабати билан ҳар йили 5 ноябрда халқаро илмий-амалий конференция ташкил этиш кўзда тутилган эди.

Пандемия муносабати билан илк бор ташкил этилган конференция онлайн тарзда бўлиб ўтди. Конференция аввалида иштирокчилар университетда ташкил этилган ўқув зали ва экспозициянинг очилиш маросимига гувоҳ бўлдилар. Янги ўқув залининг рамзий лентасини Ўзбекистон фанлар академияси академиги Наим Каримов қирқиб берди. Ёзувчи, адабий драматург, таржима устаси, буюк педагог, тилшунос ва адабиётшунос Мақсуд Шайхзода номидаги ўқув зали ва экспозиция ғоят нозик дид ва моҳиятан уйғунликда ташкил этилганини Шукур Бурхоновдек улкан санъат дарғасию, Жалолиддин Мангубердидек буюк тарихий шахслар сиймолари ҳам айтиб турибди. Негаки, Шайхзода Шукур Бурхонов билан ғоят яқин дўстлик муносабатларини ўрнатган. Жалолиддин Мангуберди сиймосини яратган Ўзбек миллий академик драма театри актёри Ахрор Алижонов ҳам Жалолиддин монологидан парча ёдлаш аввалида бу ҳақда алоҳида айтиб ўтди.

Ахборот ресурс марказида адибнинг дастлабки асарларидан тортиб, умрининг сўнгида ёзган китобларигача даврийлик тартибида териб қўйилгани диққатга сазовор. Айниқса, Шайхзоданинг 1937-1941 йилларда ёзилган асарлари, таржималари иштирокчилар эътиборини тортди. Уч тильда яратилган электрон платформалар орқали талабалар бемалол адиб ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишлари мумкин.

Шундан сўнг «Мақсуд Шайхзоданинг адабий мероси ва замонавийлик» мавзусидаги I халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Конференциянинг очилиш маросимида Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдурахманов ҳаёти ва ижодига тўхталиб, университетда бу борада олиб борилаётган ишлар, истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди. Транспорт вазири ўринбосари Акмал Мирзаев, Ўзбекистон Республикасидаги Россия ҳамкорлик маркази ваколатхонасининг раҳбари Михаил Вождаевлар университетда бошланган эзгу ишлар, саъй-ҳаракатларни биргаликда давом эттиришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканларини таъкидладилар. Шундан сўнг университет проректори Дилшод Баратов бошчилигида онлайн конференциянинг пленар йиғилиши бошланди. Унда адабиётшунос олим, академик Наим Каримов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, адабиётшунос олим, профессор Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим Ортиқ Абдуллаев, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази масъул ходими Кифоят Пирмухамедовалар нутқ сўзладилар. Айниқса, Мақсуд Шайхзода билан замондош бўлган Наим Каримов, Иброҳим Ғофуровлар адибнинг Ўзбекистонга келишидан тортиб, умрининг сўнгига қадар олиб борган фаолияти хусусида кўплаб янги ва қизиқ маълумотларни сўзлаб бериш баробарида шоирнинг энг бетакрор шеърларини ҳам эсга олдилар.

Онлайн конференцияда шунингдек Қирғизистон республикаси Жалол-обод давлат университетининг Қирғиз тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари доктори, профессор Муяссар Мирзохидова, Қозоғистоннинг Сулейман Демирел номидаги университети доценти, филология фанлари номзоди Бота Хасен, адабиётшунос олима Олмос Ғофуровалар ҳам масофадан туриб шоир ҳақидаги маърузалари билан иштирок этдилар. Бундан ташқари, Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 43-мактаб ўқитувчиси Ғайрат Саъдуллаев Мақсуд 
Шайхзода суратини онлайн тарзда яратган бўлса, Урганч давлат университети талабаси Ўктамбек Сарварбек ўғли адиб ижодидан жонли қўшиқ ижро этди.

Олти асрдан зиёдроқ тарихга эга ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларида янги бир даврни бошлаб берган ва уни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган Мақсуд Шайхзода умрининг 40 йилини Ўзбекистонда ўтказиб, бор илмий ва ижодий салоҳиятини адабиётимиз, илм-фанимизга сафарбар этган экан, эртамиз эгаларига адиб ҳақида ҳар қанча гапирсак, юксак инсонийлик, педагоглик фазилатларини ҳар қанча намуна қилсак арзийди. Шу маънода конференция Мақсуд Шайхзода фаолияти, меросини туркий халқлар тарихи, маданияти, қадриятлари рамзи сифатида тадқиқ ва тарғиб қилишни мақсад қилиб, «Мангуликка даҳлдор ижод » илмий-оммабоп рисоласини тайёрлаш, «Мукаммал асарлар» тўпламини қайта нашр этиб ўзбек, рус, инглиз, қирғиз, қозоқ тилларида нашр этишдек вазифаларни белгилаб олди.

Муножат МЎМИНОВА,

«Янги Ўзбекистон» мухбири