Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимларининг Беларусга «ТIBО-2021» ХХVII Халқаро ахборот-коммуникация технологиялари форумида иштирок этиш учун ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувда таъкидланганидек, телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик доирасида «Ўзбектелеком» АК ва «Белтелеком» Республика унитар корхонаси халқаро телефон ва телеграф алоқаларининг ўзаро хизматларини тақдим этяпти. Шу билан бирга, авиа ва ер усти алоқа орқали почта алмашинуви, шу билан бирга почта пул ўтказмалари ҳам йўлга қўйилган.
IT тадбиркорлик ва стартап ҳаракатини ривожлантиришда ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш устувор йўналишлардан биридир. 2017 йилдан бошлаб, юқори технологиялар парки билан ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик паркини яратишда ва ривожлантиришда Беларусь давлати тажрибаси ўрганилди ва фойдаланилди.
IT соҳасини янада такомиллаштириш, рақобатбардош ва истиқболли дастурий маҳсулотларни яратиш, чет эл давлатлари учун АТ хизматлари аутсорсингини кенгайтириш ва АТ сифатини яхшилаш мақсадида 2019 йил 10 январда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Park) ташкил этилди.
Ҳозирги кунда IT-Park резидентлари 484 та ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган компаниялар бўлиб, 60 та экспортга йўналтирилган ва 14 та компания хорижий капитал иштирокида ташкил этилган. «EPAM Systems», «SoftClub», «Эксадель» каби қатор Беларусь IT-компаниялари IT-Park резидентлари ҳисобланади.
Бугунги кунда IT-Park билан ҳамкорликда мамлакат бўйлаб рақамли технологияларга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Ҳозирда республика бўйича 132 та IT-марказ фаолият юритиб келяпти. Бундай марказлар ҳудудлардаги ёшларга рақамли технологиялар асосларини ўргатиш, шунингдек, АКТ соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун хизмат қилади.
АКТ соҳасидаги мутахассисларни ҳамкорликда ўқитиш ва малакасини ошириш доирасида самарали ишлар олиб бориляпти.
Электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланиб, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва Беларусь Республикаси Электрон хизматлар миллий маркази мутахассислари томонидан бир қатор онлайн учрашувлар ўтказилди. Суҳбат давомида электрон ҳукумат соҳасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.