Барча соҳаларда белгиланган мақсадларга қисқа муддатда эришилаётгани, ўз навбатида, стратегик режаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Ана шу заруратдан келиб чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан 30 декабрь куни “O‘zbekiston – 2030” стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси юзасидан ОАВ учун контент тайёрлаш марказида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда барча масъул соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
2023 йилда қабул қилинган мазкур дастурий ҳужжат қисқа вақт ичида барча соҳа ва тармоқларда сезиларли натижаларни таъминлади. Хусусан, камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга пасайди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 миллиард доллардан 145 миллиард долларга етди. Экспорт ҳажми 25 миллиард доллардан 33,4 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми 17 миллиард доллардан 43 миллиард долларга ошди.
Шунингдек, хорижий туристлар сони 6,6 миллион нафардан 8,6 миллион нафарга етди. Мактабгача таълим қамрови 72 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 42 фоизга чиқди. Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 144 тадан 164 тага етди.
Сўнгги икки йилда Президент томонидан 650 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилинди. Давлат раҳбари иштирокида 500 дан ортиқ турли даражадаги йиғилиш, учрашув ва тақдимотларда барча соҳалар бўйича янги вазифалар белгиланди.
Жумладан, икки йил аввал 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган эди. Бугунги кунда эса ушбу маррага 2026 йилнинг ўзида эришилиши кутилмоқда. Мурожаатномада келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Аҳоли сонининг ўсиши ҳам стратегик режалаштиришда муҳим омил ҳисобланади. Хусусан, 2023 йилда 36,7 миллион нафарни ташкил этган аҳоли сони 2030 йилга бориб 41 миллион нафаргача етиши прогноз қилинмоқда. Барча янги мақсадлар айнан шу ўсишни инобатга олган ҳолда белгилаб чиқилди.
Шу билан бирга, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши, аҳоли эҳтиёжларининг ошиб бориши янги ёндашув ва аниқ режаларни талаб этмоқда.
Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу жараёнга вазирлик ва идоралар, илмий марказларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари жалб этилди. Стратегиядаги 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқилди.
Хусусан, стратегик ҳужжатда барча кўрсаткичлар давлат раҳбари белгилаб берган янги марраларга мослаштирилди. Кўрсаткичларнинг барчаси ўлчанадиган, яъни фоиз, ҳажм, даража, индекс каби аниқ сонли ифодаларда белгилаб чиқилди. Ҳисоблаб бўлмайдиган, умумий характердаги 130 та банд чиқариб ташланди.
Янги стратегияда аҳолининг умр кўриш давомийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш, фармацевтика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Экология соҳасида ҳам муҳим вазифалар белгиланиб, 3 метрли дарахтлардан иборат кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Зеро, “Ҳар бир ислоҳотни одамлар ҳис қилиши керак”, деб таъкидламоқда юртбошимиз, — деди Бобур Бекмуродов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси.
Шунингдек, анжуманда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши ҳам айтиб ўтилди.
Стратегия доирасида ишлаб чиқариш, саноат ва урбанизация жараёнларини янада ривожлантириш, молиялаштиришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кўзда тутилган. Шунингдек, 54 та янги йирик стратегия ва концепция ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Ҳар бир ҳудуд учун алоҳида стратегик ривожланиш концепциялари қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилади.
Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил маълумотлар олдилар.
Зулхумор Акбарова