Бу ҳақидаги мақолани вазирлик матбуот хизмати эълон қилди.
Жажжи ўғил-қизларимизнинг биргина ширин табассуми учун бутун борлиғимизни бахшида этишга тайёр халқмиз. Уларнинг саломатлиги эса барчамиз учун бебаҳо неъмат.
Бугун юртдошларимизга хос ана шу болажонлик фазилати давлатимизнинг ёш авлодга доир сиёсатига ҳам тўла-тўкис кўчган. Хусусан, эртамиз эгалари саломатлиги алоҳида эътиборда. Гўдакларни ҳали она вужудида эканлигидаёқ шифокорлар назоратига олиш тизими йўлга қўйилган. Уларнинг тўрт мучаси соғлом бўлиб вояга етиши учун барча имкониятлар ишга солиняпти.
Маълумотларга кўра, ҳозир юртимизда 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар сони 12 миллион нафарга яқин. 235 та болалар стационари улар саломатлигини таъминлаш учун масъул. Шундан 23 таси республика, 212 таси вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасаларидир.
Бундан ташқари, пойтахтимизда Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида қурилиб, замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган Болалар миллий тиббиёт марказидаги шарт-шароитларга қўшни давлатлар аҳолиси ҳам ҳавас билан қарайди.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарори соҳадаги имкониятларни янада кенгайтирмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, энди шу йил 1 майдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида болалар бўлимлари ташкил этилиб, улар таркибида педиатрия йўналишидаги барча мутахассислар фаолият юритади.
Қолаверса, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда туну кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари ташкил этилиши ҳам болалар саломатлиги ҳамда ҳаётини асраш борасида муҳим қадамдир.
Ўз навбатида, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида жажжи беморларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларни эрта ташхислаш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораторияси иш бошлайди.
Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобиль навбатчи реанимация бригадалари фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, чақалоқларда аудиоскрининг тадбирларини ўтказиш орқали уларнинг эшитишдаги нуқсонларини эрта аниқлаш, бу касаллик мавжуд бўлган болаларда даволаш жараёнини эрта бошлаш тажрибаси бутун мамлакатимиз бўйлаб татбиқ этилади.
Албатта, булардан кўзланган пировард мақсад битта: Ўзбекистонни тўлақонли бахтиёр болалар мамакатига айлантириш!