Конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида илгари сурган муҳим ташаббуслари ҳамда уларнинг халқаро аҳамиятини ёритишга қаратилди. Бугунги глобал мураккаб вазиятда БМТнинг 80 йиллиги ва унинг жаҳон тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Анжуман аввалида иштирокчилар “Миллат фидойилари” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига ҳурмат ифодасини билдирдилар ва ёдгорлик пойига гулчамбар қўйдилар.
Тадбирни Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров олиб борди. У ўз нутқида шундай деди:
— Биз бугунги анжуманни “Миллат фидойилари” ёдгорлик мажмуасидан бошладик. Нега деганда, бу жой — мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўзининг ширин жонини фидо қилган юрт ўғлонлари шарафига ўрнатилган муқаддас маскан. Бу ёдгорлик ҳар биримиз учун азиз ва муқаддасдир. У Ватанга садоқат, матонат ва жасорат рамзи сифатида юрагимизда ҳамиша муносиб ўрин тутади.
Конференцияда халқаро ҳуқуқ ва сиёсат соҳасидаги етук мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ҳамда Сарбон университети талаба-ёшлари иштирок этдилар.
Сарбон университети ректори, техника фанлари доктори Одилбек Асқаралиев ўз фикрини билдириб, шундай деди:
— Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлиги нафақат бугунги кун манфаатларига, балки бутун минтақанинг келажакдаги барқарор тараққиёти ва инсон салоҳиятини юксалтириш йўлида ишончли замин бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаш жоиз.
— Бугунги конференцияда университетимиз ташкилий қўмита аъзоси сифатида иштирок этаётганидан жуда мамнунмиз. Бу нафақат профессор-ўқитувчиларимиз фаоллиги, балки биринчи босқичда таълим олаётган халқаро муносабатлар, давлат ва жамият бошқаруви ҳамда юриспруденция йўналишлари талабалари учун ҳам муҳим тажриба мактабидир.
— Ўйлайманки, бу каби тадбирлар ёшларимизда ватанпарварлик, фаол фуқаролик позицияси ва халқаро майдонда юртимиз нуфузини оширишга бўлган масъулиятни янада кучайтиради.
Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев ҳам БМТ билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий жиҳатларига тўхталиб, шундай фикр билдирди:
— Мамлакатимиз халқаро ташкилотлар билан муносабатларини мустаҳкамлаш, хусусан БМТ доирасидаги ташаббусларни амалга ошириш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда ёшлар учун халқаро ҳуқуқ меъёрларини чуқур ўрганиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш жуда муҳим.
— Шубҳасиз, бу соҳадаги билимлар келажакда мамлакат манфаатларини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Анжуманда сиёсий фанлар доктори, профессор Ойбек Сирожов, юридик фанлар доктори Равшан Ҳакимов ва филология фанлари доктори Беруний Алимов ҳам ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Улар БМТ билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган халқаро ташаббусларнинг амалий аҳамияти ҳамда глобал ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ролини атрофлича ёритдилар.
Конференцияда Мудофаа вазирлиги тизимидаги қатор илмий ва маданий муассасалар — Ўзбекистон Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети, Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти ҳамда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тадқиқотчилари ҳам қатнашдилар.
Тадбир якунида Убайдулла Мингбоев, Ойбек Сирожов ва яна бир гуруҳ олимларга Сарбон университети фахрий профессори унвонлари топширилди.
“Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги мазкур илмий-амалий конференция миллий ва халқаро даражадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида Ўзбекистоннинг конструктив ташаббусларини намоён этиш учун муҳим минбар бўлди.
Зулхумор АКБАРОВА