Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этаётган Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси раиси Вольфганг Ишингер, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, Конрад Аденауэр фонди, ташқи сиёсат маҳкамалари вакиллари, экспертлар ва журналистлар иштирок этди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги кейинги йилларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда гуманитар соҳаларда муваффақиятли ривожланиб бормоқда. Бу каби муносабатлар Европа Иттифоқи доирасидаги конструктив мулоқотлар доирасида ҳам кўзга ташланади.

Меҳмонлар эътироф этишича, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида континентал ва глобал хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми сифатида Германиянинг ишончли ҳамкори саналади. Ўз навбатида, Германия Евроиттифоқда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, муҳим технологик ва инвестициявий шериги бўлиб келмоқда.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,5 баробар, яъни 60 фоизга ўсди. Бу Германиянинг Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 50 га яқин қўшма корхона ташкил этилди.

Эътибор қилсак: 2020 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 830 миллион доллардан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Германия инвесторлари иштирокида 200 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар орасида “MAN”, “Claas”, “Knauf”, “Papenburg”, “Volkswagen”, “Viessmann”, “Siemens”, “Bosch” каби дунёга машҳур немис компанияларини санаш мумкин. Бу каби компаниялар билан амалга оширилаётган сармоявий лойиҳалар ҳар икки мамлакат иқтисодиёти ривожланиши учун хизмат қилмоқда. Биргина 2020 йилда немис компаниялари мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармоя ҳажми 700 миллиондан доллардан ошди.

Гуманитар алмашинувлар соҳасида ҳам қатор ютуқларни санаш мумкин. Жумладан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1,6 мингдан кўпроқ мактабда 300 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар немис тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда немис тили чуқурлаштириб ўргатилади. Бундан ташқари, олий ўқув юртларида қарийб 19 минг талаба ҳам немис тилини ўзлаштирмоқда.

Германия пандемия оқибатларини енгиб ўтиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этиб, жаҳон мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистонга катта амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, Германия кўмаги билан COVAX ташаббуси доирасида мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцинанинг йирик партияси етказиб берилди. Бундан ташқари, Европанинг юқумли касалликларни ўрганиш соҳасидаги нуфузи илмий-тадқиқот муассасаси – Роберт Кох институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.

– Бугун Ўзбекистонда ўтадиган Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этаяпман. Миссиямиз доирасида бугун ҳукумат вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари жамоаси билан қатор манфаатли учрашувлар ўтказдик. Ўйлашимча, бу учрашувларда билдирилган таклифлар яқин истиқболда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янгича форматда ривожлантиришга катта ҳисса қўшади, – деди В.Ишингер.

Давра суҳбатида Ўзбекистон – Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, дўстона, тенг манфаатли муносабатларни бундан кейин ҳам янги форматда давом эттириш юзасидан келишиб олинди.

– Германия Ўзбекистоннинг етакчи стратегик ҳамкорларидан бири саналади. Бу кейинги йилларда барча соҳаларда намоён бўлмоқда. Хусусан, пандемия шароитига қарамасдан иқтисодий муносабатларда ўсиш кўрсаткичига эришилгани ҳам фикримиз далилидир, – деди Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев. – Бугунги давра суҳбатида нафақат Германия ва Ўзбекистон, балки Европа мамлакатлари билан Марказий Осиё давлатлари муносабатлари юзасидан ҳам атрофлича муҳокама юритилди. Шунингдек, Марказий Осиёни ривожлантириш стратегияси доирасида белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Германия “Яшил Марказий Осиё” стратегиясини амалга оширишда ҳам фаол иштирокчи ҳисобланади.

Давра суҳбатида Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси ва Марказий Осиё халқаро институти ўртасида меморандум имзоланишига ҳам келишиб олинди. Бу ҳужжатда ҳамкорликда минтақавий ривожланиш мақсадларини кўзда тутган халқаро анжуманлар, семинарлар ташкил этиш, ахборот алмашинуви, энг асосийси, ташқи сиёсат борасидаги алоқаларни янада юксалтириш мақсадлари кўзда тутилади.

Вольфганг Ишингер Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясини келажакда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини ҳам айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз: Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси 1962 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. Унинг асосчиси ва раҳбари немис матбаачиси Эвальд-Генрих фон Клейст-Шменцин ҳисобланади. Вольфганг Ишингер эса 2009 йилдан конференцияга раислик қилиб келмоқда.