Бу жараёнда ўқув дастурлари, таълим ресурслари ва ўқитиш методикаси таълим олувчиларга йўналтирилган ва инклюзив бўлиши, таълим олувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантириши, уларда тез ўзгарувчан муҳит ва меҳнат бозори талабларига мослашувчанлик қобилияти ҳамда ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришга йўналтирилган бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий таълим муассасаларининг таълим сифатига бўлган эгалик ҳиссини шакллантириш ва таълим сифатига бўлган ҳисобдорлигини ошириш ҳамда ўз фаолиятини замонавий таълим сифатини таъминлаш стандартларига (ESG) мувофиқлаштириш орқали олий таълимда таълим сифатини янги босқичга кўтариш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда.

Шу йилнинг 26–30 июнь кунлари Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида ташкил этилган ўқув семинари мазкур вазифалар ижроси йўлида янги илғор тажрибаларни ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим платформа бўлди. Жаҳон банкининг “Олий таълим тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Сафардан кўзланган асосий мақсад олий таълимда сифат ва самардорлик кўрсаткичларини оширишда Европа давлатлари тажрибасини ўрганиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида академик мобилликни янада жадаллаштириш, бу борада амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда олий таълимда таълим сифатини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини ошириш, олий таълим квалификацияларини тан олиш бўйича ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш борасида аниқ келишувларга эришишдан иборат.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон делегацияси Литва пойтахтига амалга оширилган сафар давомида бир қатор учрашув ва музокараларда қатнашди. Хусусан, Литванинг Таълим, фан ва спорт вазирлигида ўтказилган учрашувда вазир ўринбосари Гинтарас Якштас икки давлат ўртасида олий таълим ҳамкорлигини янада ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашувлар давомида Литванинг таълим, фан ва спорт вазири ўринбосари Гинтарас Якштас Ўзбекистонда ёшларнинг сифатли олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган инклюзивлик ва тенгликка асосланган ислоҳотларни юқори даражада баҳолаш мумкин.

Шунингдек, тизимни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар энг илғор тажрибалар асосида ва Болонья жараёнига уйғун равишда олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Икки давлат ўртасида академик мобилликни янада ривожлантириш, қўшма академик ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзбек ёшлари учун Литвада сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўтказилган музокаралар натижасида жорий йил якунига қадар Андижон машинасозлик институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Фарғона политехника институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Тошкент давлат техника университетидан жами 35 нафар профессор-ўқитувчини академик мобиллик дастури доирасида Литвада малака оширишини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди;

Шу билан биргаликда Литванинг Витаутас Магнус университети билан ҳамкорликда янги ўқув йилидан Бухоро давлат университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида биоиқтисодиёт йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш юзасидан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Бундан ташқари, музокаралар давомида Литванинг 10 га яқин олий таълим соҳасидаги малакали мутахассислари 2022 йил давомида Республикамизнинг 28 та давлат олий таълим муассасасидан 200 нафар мутахассисни таълим сифатини таъминлашдаги янгича ёндашувларга ўқитиши ва соҳадаги Европа тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Литва Олий таълими сифатини баҳолаш маркази ва Латвия Академик маълумотлар маркази ва таълим сифатини таъминлаш агентлиги вакиллари билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш тизимини Европа олий таълим сифатини таъминлаш стандартлари ва йўриқномалари асосида такомиллаштириш, Европа таълим сифатини таъминлаш агентликлари реестрига кирган нуфузли аккредитация ташкилотларининг халқаро экспертларини таълим сифатини баҳолашда жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, ўзбек олий таълим квалификацияларини тан олишда Лиссабон конвенцияга аъзо давлатлар билан ENIC-NARIC тармоғи орқали мулоқотни йўлга қуйиш бўйича амалий келишувларга эришилди.

Хусусан, 2022 йил якунига қадар Европа таълим сифати стандартлари ва баҳолаш мезонлари асосида хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистондаги 3 та олий таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказилади.

Европанинг таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро даражадаги экспертларини жалб қилган ҳолда юртимизнинг 6 та олий таълим муассасасида таълим сифатини ички таъминлаш бўйича намунавий хаблар ташкил этилади.