Ташриф асносида Ўзбекистон ва минтақамиздаги жараёнларга қизиқиш билдираётган сиёсатчилар, парламент аъзолари, дипломатик корпус ва бизнес вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари ва таҳлил муассасалари тадқиқотчи-экспертлари билан қатор учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Жумладан, 31 октябрь куни Марказ делегацияси Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида “Глобал сув ҳамкорлиги” (Global Water Partnership) ташкилотининг бош ижрочи директори Дарио Сото-Абрил билан учрашув ўтказди.

Ушбу учрашув Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги элчихонаси ҳамда ЕХҲТ Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Унда “Тараққиёт стратегияси” Маркази раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистонда экология, атроф-муҳофазаси, табиий ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтди. Бунда, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат томонидан илгари сурилаётган таклиф ва ғоялар муҳим роль ўйнаётгани эътироф этилди.

“Глобал сув ҳамкорлиги” бош ижрочи директори Дарио Сото-Абрил сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига тўхталиб, бу жараён ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бевосита боғлиқлиги, хусусан, бунда ташкилот жаҳоннинг етмишдан ортиқ давлатлари билан турли лойиҳаларни амалга ошираётгани, шу билан биргаликда Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан ҳам лойиҳаларни йўлга қўйишни режалаштираётганини таъкидлаб ўтди.

Ўз ўрнида, Дарио Сото-Абрил Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазаси, сув, ер ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берди ва тўла қўллаб-қувватлашини қайд этди. Хусусан, у атроф-муҳит муҳофазасига нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташикотлари, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчиликнинг, улар орқали аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилаётганига ҳам эътибор қаратди.

Ундан ташқари, Дарио Сото-Абрил Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган фаол прагматик ташқи сиёсат, айниқса сув ресурсларидан самарали фойдаланишни минтақавий даражада илгари сураётган ташаббуслари, трансчегаравий ҳамкорликнинг ривожланаётгани, сувдан самарали фойдаланиш бўйича давлатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топаётганини алоҳида эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳам тўла акс этган ва Ўзбекистон ҳам дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида барқарор, кенг қамровли ва изчил иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек сайёрада тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш мажбуриятини олган.

Учрашув сўнггида “Глобал сув ҳамкорлиги” ташкилоти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида экология, атроф-муҳит, табиий ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шу билан биргаликда мазкур соҳада фаолият юритаётган давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда хусусий сектор учун малака ва кўникмаларини ошириш бўйича турли тренинглар ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.