Тадбирдан кўзда тутилган асосий мақсад янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга тадбиқ этиш ва бунинг самараси борасида фикр алмашиш, кенг жамоатчиликни Янги Ўзбекистонда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш.

Конференция аввалида сўзга чиққан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова тадбир иштирокчиларини бугунги тадбир билан қутлади ва мавзуга доир ўз фикрларини билдириб ўтди:

“2030-йилга қадар таълим тизимида қандай ишлар амалга оширилиши хусусида “Таълим — 2030” концепциясида аниқ белгилаб олинган. Ушбу концепция доирасида ҳозирга қадар соҳада кўплаб натижалар қайд этилди.

Мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мамлакатда муҳим масала сифатида белгиланиб, охирги 5 йил ичида болаларнинг қамрови 27 фоиздан 72 фоизга етди. 2030 йилга барча болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган.

Охирги 5 йил давомида 261 та янги мактаб қурилиши, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди.

Педагогларнинг жамиятдаги обрўси ва қадр-қимматини ҳимоялаш борасида фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Мамлакатимиз илк бор таълим сифатини баҳолаш халқаро тадқиқотлари (PISA, PIRLS, TIMMS)да иштирок эта бошлади. Глобал инновацион индекснинг Инсон капитали йўналишида 2022 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 7 поғона юқорилаб, 65-ўринни қайд этди (жами 131 та мамлакат ичида).

Сизлар билан эришилган натижаларимиз ва ютуқларимиз бўйича фикр алмашамиз, қимматли таклиф ва тавсияларингизни кутиб қоламиз.”

Конференцияда юртимизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, эришилаётган самара ва қилиниши лозим бўлган вазифалар хусусида атрофлича фикр юритилди. Таклиф ва мулоҳазалар тингланди. 

Анжуман якунида Янги Ўзбекистонда таълим ва тиббиёт тизими трансформациясига бағишланган видеоролик намойиш қилинди.