Шу муносабат билан ташкил этилган давра суҳбатида Уюшма масъуллари, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ҳамда  “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов иштирок этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, халқларимиз ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакат  медиа соҳа вакилларининг ижодий алоқалари, бу борадаги галдаги ҳамкорлик масалалари хусусида сўз юритилди.

– Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода билан мамлакатларимиз оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўзаро тажриба, медиа тузилмалар ўртасида материаллар алмашишни ривожлантириш каби масалалар хусусида фикр алмашдик, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х. Салимов. – Келишувга кўра, жорий йилнинг июль ойида ўн нафар ўзбекистонлик журналистларнинг Тожикистонга беш кунлик ижодий сафари амалга оширилади. Ана шу тадбир доирасида юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларига оид материаллар ушбу мамлакат ОАВларида эълон қилиш учун тақдим этилади.

Давра суҳбатида 2022 йил май ойида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Тожикистон Журналистлар иттифоқи ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви мазкур йўналишда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати