Учрашув аввалида меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, О.Местен ҳозирги пайтда икки давлат ўртасида парламентлараро, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганини таъкидлади.

Туркий давлатлар орасида Ўзбекистоннинг ўзига хос ўринга эгалиги, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам нуфузи, маданий меросларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эга экани, Туркия Ўзбекистонни қатъий ва ишончли шерик сифатида билишини билдирди.

О.Местен 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида тўхталар экан, унинг айнан А.Темур, Имом ал-Бухорий каби буюк тарихий шахсларнинг юрти Самарқанд шаҳрида ўтказилиши туркий дунё қардош халқларининг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда рамзий маънога эгалигини қайд этди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида жорий йил декабрь ойида «Дўстлик гуруҳлари»нинг онлайн учрашуви ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагида «Туркия-Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Томонлар қардош халқларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.