Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев бошчилигидаги делегация ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари иштирок этди. Туркия томонидан Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари, шу билан бирга Туркиянинг йирик нодавлат ташкилотлари, туроператорлари ва меҳмонхона эгалари қатнашди.
Ўзбекистон томони мамлакатимиз Президенти томонидан юртимизда туризм соҳаси ривожига қаратилаётган эътибор, инвесторларга берилаётган имтиёзлар, соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан бунёд этилган туризм объектлари ҳамда диёримизнинг туристик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Туризм ва маданий мерос вазирлиги мутасаддилари томонидан «Туризм соҳасига инвестицияларни жалб этиш, туризм зоналарини ташкил этишда Туркия тажрибаси, республикада туристик зоналарни ривожлантириш», «Ўзбекистон Республикасида тарихий обидалардан туризм объекти сифатида фойдаланиш мақсадида реставрация қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича таклифлар», «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолияти» мавзуларида тақдимот-маърузалар қилинди.
Қўшма комиссия йиғилишида хавфсиз туризм чора-тадбирлари, туристлар оқимини ошириш ва соҳа бўйича икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, туризм соҳасига инвестициялар жалб этиш имкониятларини кўриб чиқиш, туризм таълими йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари, туризм сектори ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, саёҳат маршрутларини ишлаб чиқишда Туркия туризмини тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGА) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу билан бирга гастрономик, зиёрат туризми ва туризмнинг бошқа соҳаларида умумий лойиҳаларни амалга ошириш, тарихий обидаларнинг реставрацияси ва консервацияси ҳамда «Табаррук зиёрат» маршрутларини белгилаб олиш ва бунда маркетинг сиёсатини ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Тадбир сўнгида Туркия туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (TGА), Туркия саёҳат агентликлари бирлашмаси (TÜRSAB), Туркия меҳмонхона эгалари бирлашмаси (TÜROB), Ўрта ер денгизи туристик меҳмонхоналар бирлашмаси (АKTOB) каби йирик нодавлат ташкилотлар билан икки томонлама музокаралар (G2B) олиб борилиб, келгусидаги ҳамкорликларнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.
Хусусий сектор вакиллари билан музокараларда «Табаррук зиёрат» концепциясида белгиланган маданий туризм йўналишларида TGА билан биргаликда умумий саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети талабаларининг ёзги таътил давомида TÜRSAB таркибидаги туроператорлар ҳамда Туркиядаги машҳур меҳмонхоналарда малака оширишларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини амалга ошириш, университет кутубхонасини илмий адабиётлар билан тўлдиришда ҳамкорлик қилиш каби масалалар муҳокама этилди.
Тадбирдан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Анталия шаҳридаги «Belek туризм инвесторлари бирлашмаси» (BETUYAB)га ташриф буюрди. Ўрта ер денгизи соҳилида (узунлиги 15 километр) жойлашган ушбу туризм зонаси 49 та меҳмонхона, 20 дан ортиқ гольф клуби, кўплаб спорт мажмуаларини ўз ичига олади. Бирлашма мутасаддилари туризм зонасининг иш тажрибаси, унинг бошқарув тизими, инвесторларга бериладиган имтиёзлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.