Агентликнинг «UzAssets» инвестиция компанияси вакиллари томонидан компаниянинг корпоратив тақдимоти, акция пакетлари ва улушларни сотиш орқали стратегик ва портфель инвесторларини жалб қилиш бўйича мақсад ва вазифалар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Корхоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш, инвесторлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг истиқболли тармоқларидаги 600 дан ортиқ давлат корхоналаридаги улушлар сотилиши тўғрисида маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, «UzAssets» АЖ жамоасига ЎУИК томонидан компания иш фаолияти, инвестиция ва корпоратив фаолиятнинг асосий йўналишлари таништирилди.
Томонлар хусусий сармояларни жалб қилиш, биргаликда «Road–show» дастурлари ва инвестиция форумларини ташкил этиш истиқболлари ва имкониятларини муҳокама қилдилар. Активларни бошқариш, консалтинг хизматлари ва активларни сотишдан олдин тайёрлаш масалаларида фикр алмашилди.
Томонлар миллий иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича яқин ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.