Шу давр мобайнида икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш деярли уч баробарга ўсгани ҳам бунинг исботидир. 2021 йилнинг 29-31 март кунларидаги Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга ташрифи ҳам икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги давр бошланганининг яққол ифодаси бўлди. Олий даражадаги учрашувлар чоғида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ва фармацевтика каби соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Айни пайтда иқтисодиёт, энергетика, таълим ва кадрлар тайёрлаш, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик, бандлик ва меҳнат йўналишлари қаторида тиббиёт соҳасида ҳам икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган келишувларга эришилган. Коронавирус билан боғлиқ қийин эпидемиологик вазиятда ҳам икки давлат бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу ҳамкорликнинг мустаҳкам асослари борлиги барча соҳалар қатори тиббиёт йўналишида ҳам манфаатли шерикликни ривожлантиришга асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Куни кеча пойтахтимизнинг “International Hotel Tashkent” мехмонхонасида шу икки томонлама ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг кейинги истиқболларига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова ва Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари иштирок этди.
Тадбирда 120 йиллиги нишонланаётган Венгриянинг нуфузли “Гедеон Рихтер” компаниясининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. 25 йил аввал Ўзбекистонда ўз ишини бошлаган мазкур йирик ширкатнинг кейинги фаолияти ҳам Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигининг ёрқин ифодаси бўлиб қолиши шубҳасиз.
Тадбир якунида ширкатнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Хуршид Аҳроров эсдалик совғалар билан тақдирланди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.