Гуруҳ босқичи якунига етиб, 16 жамоадан 8 таси мусобақани тарк этди. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринларни эгаллаган жамоалар энди чорак финал босқичида курашни давом эттиради.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси «C» гуруҳини пешқадам сифатида якунлаб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Хитой эса «D» гуруҳида Ироқ (0:0), Австралия (1:0) ва Таиланд (0:0) терма жамоаларига қарши баҳсларда 5 очко жамғариб, кейинги босқичга йўл олди.

Ўзбекистон — Хитой: ўзаро учрашувлар

Ўзбекистон ва Хитой У-23 терма жамоалари Осиё кубоги доирасида шу кунга қадар уч бор рўбарў келган бўлиб, барча учрашувларда жамоамиз ғалаба қозонган.

1. 2013 йил.

У-22 мақомида илк бор ташкил этилган турнирда жамоамиз гуруҳ босқичида Хитой билан тўқнаш келган. Криметс ва Сергеев киритган голлар эвазига рақиб мағлуб этилган. Ўзбекистон 2:1 Хитой

2. 2018 йил.

Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги У-23 терма жамоамиз Хитой мезбонлигида ўтган Осиё кубогида чемпионликни қўлга киритган. Гуруҳ босқичида мезбон Хитой Алижоновнинг ягона голи эвазига мағлуб этилган. Хитой 0:1 Ўзбекистон

3. 2020 йил.

Таиландда бўлиб ўтган У-23 Осиё кубогида Ўзбекистон ва Хитой «C» гуруҳидан ўрин олган. Қобилов ва Тўхтасинов голлари эвазига жамоамиз ишончли ғалабага эришган.

Ўзбекистон 2:0 Хитой

Шунингдек, жамоалар ўртасида халқаро ўртоқлик учрашувлари ҳам мунтазам ўтказиб келинади. Сўнгги бор 2025 йил ноябрь ойида Хитойда ташкил этилган халқаро турнир доирасида томонлар ўзаро тўқнаш келиб, баҳс 0:0 ҳисобида якунланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги чорак финал учрашуви 17-январ куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да Жидда шаҳридаги «Prince Abdullah Al Faisal Sports City» стадионида старт олади.