Музокаралар чоғида икки томонлама сиёсий ва дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги асосий масалалар, хусусан, Афғонистондаги жорий вазият юзасидан фикр алмашдилар. Япония томони минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида манфаатдор тарафлар билан кўп томонлама ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Шу нуқтаи назардан, муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш, минтақада барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун платформа – «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунларида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида қўлга киритилган салмоқли натижалар қайд этилди. Ўзбекистонда инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун жалб этилган Япон инвестицияларининг сезиларли ўсиши алоҳида таъкидланди. Хусусан, Тошкентда «Digital Knowledge» компанияси билан биргаликда электрон таълим хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Рақамли университет ташкил этилди. Ҳозирги кунда япониялик ҳамкорлар билан биргаликда автомобилсозлик, кимё саноати ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Томонлар икки мамлакат расмийларининг ўзаро ташрифларини ташкил этган ҳолда икки тарафлама Парламентлараро форумнинг 3-йиғилиши ҳамда Ўзбекистон -Япония ва Япония -Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмиталарининг 16-учрашувига тайёргарлик кўриш учун биргаликда иш бошлашга келишиб олдилар.
Япония томони Ўзбекистоннинг 2025 йилда Осака шаҳрида ўтказиладиган «Экспо-2025» Жаҳон кўргазмасида миллий павильон ташкил этиб, иштирок этиш бўйича режаларини олқишлади ва ташкилий масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
2022 йилда давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланиши доирасида «Японияда Ўзбекистон йили» ва «Ўзбекистонда Япония йили»га биргаликда тайёргарлик кўриш тўғрисида келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.