Бухорода бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Япония” халқаро таълим форуми ва ярмаркаси икки давлат ўртасидаги таълим алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ёшлар учун янги имкониятлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Форумнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова, Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова ҳамда  JICA Ўзбекистон офиси раҳбари Мамору Сакаига кириш сўзи билан иштирок этиб, тадбирнинг аҳамиятини таъкидладилар ва форум ишига муваффақият тиладилар.

Халқаро форум-ярмарка қарийб 3 000 нафар ёшни қамраб олиб, уларга Япония таълим тизими, етакчи олий таълим муассасалари, замонавий таълим методикалари, халқаро академик ҳамкорлик ҳамда Японияда таҳсил олиш имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини берди.

Тадбирда Япониянинг 23 та университети вакиллари иштирок этиб, ўз таълим дастурлари, қабул шартлари, халқаро талабалар учун яратилган имкониятлар ва академик алмашинув истиқболлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Жумладан, University of Tsukuba, Nagoya Institute of Technology, Waseda University, Yokohama National University, Yamagata University, SOKENDAI, Kibi International University, Tohoku University, Toyo University, Hosei University ҳамда International College of Liberal Arts (iCLA) каби олий таълим муассасалари вакиллари билан мулоқотлар ташкил этилди.

Форумнинг иккинчи кунида Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова бошчилигида Япониянинг жаҳон университетлари рейтингларида юқори ўринларни эгаллаган олий таълим муассасалари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Мулоқотлар давомида университетлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, академик алмашинувни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Мазкур музокаралар Бухоро давлат техника университетининг халқаро алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, илғор хорижий тажрибани таълим жараёнига жорий этиш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун халқаро академик имкониятларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекистон – Япония” халқаро таълим форуми ва ярмаркаси нафақат икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги мулоқот майдони, балки ёшларнинг халқаро билим ва тажриба орттириши, замонавий касбий кўникмаларни эгаллаши ҳамда келажакдаги академик мақсадларини белгилаши учун ҳам муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

Ҳамкорлик материали